Logo

«Янги Тошкент» аэропорти ҳудудида 7 та қабристон кўчирилади

Янги Тошкент аэропорти қурилиши учун Қуйи ва Ўрта Чирчиқдаги 7 та қабристон кўчирилади, қабрлар белгиланган тартибда қайта дафн этилади.

«Янги Тошкент» аэропорти ҳудудида 7 та қабристон кўчирилади © Foto: Kun.uz

Тошкент вилояти ҳокими 15 сентябрь куни «Янги Тошкент халқаро аэропорти» қурилиши ҳудудида жойлашган айрим қабристонларни кўчириш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда ҳокимлик қарорида маълум қилинган.

Қарорга кўра, аэропорт қурилиши ҳудудига 7 та фаолияти тўхтатилган қабристон тушган.

Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманида:
«Сергели болалар» қабристони;
«Корейс» қабристони;
Ўрта Чирчиқ туманида эса:
«Сувон бағиш» мусулмон қабристони;
«Қудойқул» мусулмон қабристони;
«Қудойқул» корейс қабристони;
«Сариктепа» корейс қабристони;
«Борис» рус христиан қабристони кўчирилади.

Қабрлар қаерга кўчирилади?

Қарорда қабристонларни кўчиришнинг аниқ манзиллари ҳам кўрсатилган.

Қуйи Чирчиқдаги «Сергели болалар» қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар «Сурум» МФЙдаги «Шардара» қабристонига, «Корейс» қабристонидан олинган қабрлар эса «Сергели» МФЙдаги рус-корейс қабристонига кўчирилади.

Ўрта Чирчиқдаги «Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонларидан эксгумация қилинган қабрлар «Зайнаб она» қабристонига қайта дафн этилади.

«Қудойқул», «Сариктепа» корейс ва «Борис» рус христиан қабристонларидан эксгумация қилинган қабрлар эса «Тараққиёт» МФЙдаги корейс қабристонига кўчирилади.

Қайта дафн қандай амалга оширилади?

Ҳокимлик қарорида қабристонларда дафн ишлари узоқ йиллар аввал тўхтатилгани қайд этилган.

Қабрлар очилганда аниқланган суяк қолдиқлари эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан йиғилиб, белгиланган тартибда бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. Кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Қуйи ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳокимликларига аҳоли ҳамда марҳумларнинг қариндош-уруғлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш, қайта дафн қилишни диний урф-одатларга мувофиқ ўтказиш ва бу жараён бўйича далолатномаларни расмийлаштириш вазифаси юклатилган.

Қабристонларни кўчириш, қайта дафн қилиш, ҳудудларни тайёрлаш ва ободонлаштириш харажатлари қонунчиликда тақиқланмаган манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Шу билан бирга, ушбу харажатларни «Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш» лойиҳаси доирасида хусусий шерик қоплаши белгиланган.

Қарор ижросини назорат қилиш Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда икки нафар ўринбосарига юклатилган.

Teglar

Mavzuga oid