Янги Тошкент қурилишидан «Устюрт» лойиҳасигача. Ўзбекистон Британия билан нималарга келишди?

27.02.2026 | 14:354 daqiqa

Биринчи «Марказий Осиё – Британия» мулоқотидан қатнашган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов йирик халқаро инвесторлар – «BP», «Standard Chartered» ва «Benoy» билан барқарор энергетика, инфратузилма ва трансформация лойиҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Янги Тошкент қурилишидан «Устюрт» лойиҳасигача. Ўзбекистон Британия билан нималарга келишди?

Кеча, 26 феврал куни Лондонда Буюк Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Иветт Купер бошчилигида  «Марказий Осиё – Буюк Британия» форматидаги биринчи ташқи ишлар вазирлари мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этди.

1

Лондон ташаббуси билан ўтказилган мулоқот минтақанинг иқтисодий ривожланиш устувор йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашиш, шунингдек, Буюк Британия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш учун долзарб ва мазмунли платформа бўлиб хизмат қилгани айтилади. Унда савдо диверсификацияси, саноат кооперацияси, барқарор инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, Марказий Осиёнинг стратегик хомашё ресурслари ва қайта тикланувчи энергия соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон вазирининг Лондонга ташрифи дастури

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Лондонга ташрифи давомида қатор учрашувлар ҳам ўтказди. Шулардан бири британиялик мавқедоши Иветт Купер билан бўлди. Саидов Купер билан Ўзбекистон ва Буюк Британия орасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб борган.

2

«Муҳокамаларимиз савдо ва инвестициялар, инфратузилмани барқарор ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий боғлиқликни ўз ичига олган устувор йўналишларда икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қаратилди», – деб ёзади вазир ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

3

25 феврал куни эса Саидов Буюк Британия инвестициялар бўйича давлат вазири Лорд Жейсон Стоквуд билан учрашган эди. Улар биргаликда саноат, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, муҳим фойдали қазилмалар, соғлиқни сақлаш ҳамда рақамли технологиялар соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилган.

Саидов Буюк Британиянинг Экспортни молиялаштириш агентлиги (UKEF) бош ижрочи директори Тим Рид билан ҳам учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий секторнинг ролини кучайтириш масалаларини муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири дунёдаги энг йирик нефт ва газ компанияларидан бири бўлган BP (British Petroleum)нинг катта вице-президенти Ариэл Флорес ва BP компанияси бошқарув кенгаши аъзолари билан ҳам учрашиб, Ўзбекистонда энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвестиция муҳитини янада яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва йирик қўшма лойиҳаларни илгари суриш истиқболларини муҳокама қилди.

4

«Устюрт» лойиҳасини изчил ривожлантириш, қўшимча нефт ва газ имкониятларини ўрганиш, қайта тикланадиган энергия ва илғор технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдик», – дейди Саидов.

Ўзбекистон вазирининг суҳбатдошлари орасида «Standard Chartered» банки бош директори Саиф Малик ҳам бор. У билан йирик саноат лойиҳаларини молиялаштириш, «яшил» энергетика ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг реал сектори билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган. Қайта тикланадиган энергетика, инфратузилмани ривожлантириш ва барқарор молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилган.

Саидов ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, трансформацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва банкнинг Ўзбекистон миллий молия тизимига интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш йўлида мустаҳкам шериклик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканини билдирган.

Бахтиёр Саидов Лондонда архитектура, мастер-режа, интерер ва гракик дизайн билан шуғулланувчи машҳур «Benoy» компанияси бош директори Том Картлеж билан ҳам учрашди. Улар Ўзбекистон бўйлаб ҳудудларни режалаштириш, Янги Тошкент қурилиши, мастер-режаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, транспорт ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилган.

5

«Benoy» компаниясининг Ўзбекистондаги ривожлантириш лойиҳаларида иштирокини мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрмиз», – деди вазир.

Шунингдек, Ўзбекистон ташқи ишлар вазир марказий осиёлик мавқедошлари билан бирга шаҳзода Эдвард, Мудофаа вазирлиги давлат вазири лорд Вернон Кокер, Жамоат палатаси спикери Линдси Ҳойл билан ҳам учрашган.

6

Марказий Осиё давлатлари ташыи ишлар вазирлари учун Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Британиянинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида расмий қабул маросими ҳам ўтказилди. Тадбир молия, саноат, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш каби стратегик соҳаларда фаолият юритувчи «Rio Tinto», «Rolls-Royce», «International Hospitals Group» ва «Intertek» каби етакчи компания вакилларини бир жойга жамлаган.

7

Қабул доирасида Саидов Буюк Британия бош вазири ўринбосари Дэвид Лэмми билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва устувор йўналишларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилинган.

 

Нималарга келишилди?

8

Ўзбекистон ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, «яшил» молиялаштириш воситаларидан самарали фойдаланиш, таълим ва академик алмашинувларни кенгайтириш орқали амалий натижаларга йўналтирилган Англашув меморандумларини имзолади.

9

Бахтиёр Саидов ва Жейсон Стоквуд Соғлиқни сақлаш хизматлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумини имзолади. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда янада чуқур ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мустаҳкам асос яратади.

10

Шунингдек, вазир Саидов ва бош ижрочи директор Тим Рид Ўзбекистонда устувор инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида «UKEF» молиявий ресурсларидан фойдаланиш бўйича Англашув меморандумини имзолади.

Teglar

Mavzuga oid