
Янги Тошкентда замонавий ер ости боғламалари қурилади
Янги Тошкент лойиҳаси доирасида фақат ер усти бинолари эмас, балки қулай ва инклюзив ер ости инфратузилмаси ҳам барпо этилади. Бу тизим шаҳарнинг замонавий қиёфасини белгилайди.

Янги Тошкент шаҳрининг замонавий архитектуравий концепциясида ер ости инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилган. Лойиҳаларга кўра, янги шаҳарнинг марказий қисмида кўп функцияли ер ости боғламалари барпо этилади. Улар нафақат транспорт ва хизмат кўрсатиш нуқталарини, балки турли жамоат эҳтиёжларини ҳам қамраб олади, деб хабар қилади Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.
Мазкур ер ости мажмуаларида аҳоли учун барча зарур шароитлар яратилади: автомобил ювиш жойлари, электромобиллар учун қувватлантириш станциялари, велосипед тураргоҳлари, шунингдек, ота-оналар учун қулай бола парвариши хоналари ташкил этилади.
Энг муҳими, ушбу иншоотлар ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига тўлиқ мослаштирилади. Улар учун махсус тўхташ жойлари, хизмат кўрсатиш нуқталари ва пандуслар халқаро стандартлар асосида қурилади.
Шу тарзда Янги Тошкент нафақат меъморий ечимлари, балки инклюзив, хавфсиз ва қулай шаҳарсозлик тамойиллари билан ҳам ажралиб туради. Ер ости боғламалари янги шаҳар ҳаётининг замонавий, экологик ва функционал қисмига айланиши кутилмоқда.





