Яқин Шарқдан 41 рейс орқали ўзбекистонликлар олиб келинди

06.03.2026 | 09:142 daqiqa

Мадина, Жидда ва Дубайдан амалга оширилган махсус рейслар орқали 9 минга яқин ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди.

Яқин Шарқдан 41 рейс орқали ўзбекистонликлар олиб келинди

5-март ҳолатига кўра, Яқин Шарқ минтақасидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиш учун жами 41 та махсус авиаташув амалга оширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Авиакомпаниялар орқали амалга оширилган йўналишлар

Маълумотларга кўра, парвозлар мамлакатнинг резидент авиакомпаниялари — «Uzbekistan Airways», «Centrum Air», «Qanot Sharq», «Fly One Asia», «Fly Khiva» ва «Air Samarqand» томонидан амалга оширилган. Рейслар Жидда–Тошкент, Жидда–Андижон, Жидда–Наманган, Жидда–Урганч, Мадина–Тошкент, Мадина–Қарши, Мадина–Наманган ҳамда Дубай–Тошкент йўналишларида ташкил этилди.

Жумладан, Мадина ва Жидда шаҳарларидан бажарилган 36 та рейс орқали 7 988 нафар йўловчи Ўзбекистонга олиб келинган. Шунингдек, Дубайдан амалга оширилган 5 та рейс орқали яна 838 нафар фуқаро мамлакатга қайтарилди.

Айни пайтда ҳам бир қатор рейслар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг HY-334 Дубай–Тошкент ва HY-338 Жидда–Тошкент рейслари, «Centrum Air» авиакомпаниясининг C6-318 Жидда–Самарқанд ҳамда C6-352 Дубай–Тошкент рейслари, шунингдек «Qanot Sharq» авиакомпаниясининг HH-902 Дубай–Тошкент рейси парвозни давом эттирмоқда.

Расмийларга кўра, ўзбекистонликларни ватанга қайтариш жараёни тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ҳозирда эвакуация асосан фуқаролик авиацияси учун ҳаво ҳудуди очиқ бўлган давлатлар орқали ташкил этилмоқда. Минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам ҳаво ҳудуди очилиши билан парвозлар сонини ошириш режалаштирилган.

Чартер рейслар

Шунингдек, Қатар, Баҳрайн ва Қувайт авиация маъмуриятлари билан музокаралар олиб борилмоқда. Унга кўра, яқин кунларда Саудия Арабистони ҳудуди орқали чартер рейслари ташкил этилиб, яна бир қатор фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш режалаштирилган.

Фуқароларга мамлакат элчихоналари ва консулликлари билан доимий алоқада бўлиш тавсия этилган. Рейслар ҳақидаги маълумотларни фақат авиакомпанияларнинг расмий манбалари орқали текшириш ва тасдиқланмаган воситачиларга мурожаат қилмаслик зарурлиги ҳам таъкидланди.

Йўловчиларга ёрдам бериш мақсадида «Ўзавиация» агентлигининг колл-маркази кун давомида ишламоқда.

Teglar

Mavzuga oid