Logo

Ярим йилда Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар пул ўтказилди — Марказий банк

Bugun 18:302 daqiqa

2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талаб 20 фоизга ошиб, қарийб 32 млрд долларни ташкил қилди. Шу билан бирга, валюта таклифи янада тезроқ ўсиб, 27,8 млrd доллар қийматида баҳоланган.

Ярим йилда Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар пул ўтказилди — Марказий банк © NGOC THANG

Марказий банкнинг ички валюта бозори шарҳига кўра, ярим йилда хорижий валютага бўлган умумий талаб қарийб 32 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга ошган.

Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда, ички валюта бозоридаги хорижий валюта таклифи 27,8 млрд долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг январ—июн ойларига нисбатан 31 фоизга юқори.

Экспорт тушумлари валюта таклифини оширди

Ҳисобот даврида юридик шахсларнинг хорижий валютага бўлган талаби 19 фоизга, таклифи эса 29 фоизга ошган.

Экспорт тушумлари ҳисобидан шаклланган валюта таклифи 10,1 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30 фоизга кўпайган.

Шундан 5,6 млрд доллар ёки экспорт тушумларининг 55 фоизи ички валюта бозорида сотилган. Бу 2025 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 1,2 млрд долларга ёки 26,4 фоизга кўп.

Марказий банк маълумотларига кўра, импортни молиялаштиришда ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар улуши 67,2 фоизни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 63,1 фоиз бўлган. Хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган импорт улуши эса 22,6 фоизни ташкил этган.

Аҳоли банкларга 12,3 млрд доллар сотди

Жисмоний шахсларнинг банклар билан амалга оширган валюта операцияларида ҳам ижобий сальдо кузатилган.

2026 йилнинг январ—июн ойларида аҳоли тижорат банкларига 12,3 млрд доллар сотган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,4 баравар кўп. Таққослаш учун, 2025 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 9,1 млрд долларни ташкил этган.

Шу даврда фуқаролар банклардан 6,8 млрд доллар сотиб олган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 26 фоизга ошган.

Натижада жисмоний шахслар томонидан сотилган хорижий валюта ҳажми харид қилинган валютадан 5,5 млрд долларга кўп бўлган.

Пул ўтказмаларида 8 млрд долларлик ижобий сальдо қайд этилди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистонга 9,3 млрд доллар келиб тушган.

Шу даврда мамлакатдан 1,3 млрд доллар миқдорида маблағ чиқиб кетган. Натижада халқаро пул ўтказмалари бўйича 8 млрд долларлик ижобий сальдо шаклланган.

Марказий банк қайд этишича, жисмоний шахсларнинг ижобий валюта сальдоси ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг муҳим манбаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, биринчи чоракда Ўзбекистонга хориждан келиб тушган пул ўтказмаларида Россия улуши 77,6 фоиздан 72,4 фоизгача пасайганди.

Teglar

Mavzuga oid