Ер майдонини сунъий ошириб сотмоқчи бўлган фермер қўлга олинди

Bugun 12:551 daqiqa

Фарғона вилояти Қўштепа туманида фермер 3,7 гектар ерни 7 гектар деб сотишга уриниб, катта миқдорда пул талаб қилган вақтда қўлга олинди.

Ер майдонини сунъий ошириб сотмоқчи бўлган фермер қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида фермер хўжалиги раҳбари томонидан ер майдонини ноқонуний равишда сотишга уриниш ҳолати аниқланди. У харидорни хўжалик тасарруфидаги 3,7 гектар ер майдонини гўёки 7 гектар сифатида расмийлаштириб беришга ишонтирган.

Хизмат ҳақи

Маълумотларга кўра, фермер ушбу «хизмат» эвазига 20 минг АҚШ доллари ҳамда 100 миллион сўм талаб қилган. Бу орқали у ер майдони ҳажмини сунъий равишда ошириб кўрсатиш орқали ноқонуний даромад олишни режалаштирган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу қонунбузарликка чек қўйилди. Фермер келишилган маблағнинг 15 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтида қўлга олинган.

Қайд этилишича, ер давлатнинг стратегик ресурси ҳисобланади ва уни ноқонуний тарзда сотиш ёки қайта расмийлаштириш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади. Айниқса, суғориладиган ерлар билан боғлиқ бундай қонунбузарликлар мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Масъул идоралар фуқароларни шубҳали ҳолатларга дуч келганда тегишли органларга мурожаат қилишга чақирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid