Европа Иттифоқи COVID-19 жамғармасидан мудофаа учун 335 млрд евро ажратади

Европа Иттифоқи аъзо давлатларга мудофаа соҳасини ривожлантириш учун COVID-19 оқибатларини бартараф этишга мўлжалланган фонд маблағларидан фойдаланишга рухсат берди. Бу қарор иттифоқ сиёсатларидаги устуворликлар ўзгарганини кўрсатмоқда.

Европа Иттифоқи COVID-19 жамғармасидан мудофаа учун 335 млрд евро ажратади
Европа Иттифоқи мамлакатлари энди Тикланиш ва чидамлилик жамғармаси маблағларидан мудофаа лойиҳаларини молиялаштириш учун фойдаланиш имкониятига эга. Politico нашри ёзишича, Еврокомиссия ушбу маблағларни тақсимлаш жараёнини 2026 йил августигача якунига етказишни режалаштирган. Мазкур жамғарма пандемия оқибатларини юмшатиш учун 2021 йилда яратилган ва аввалроқ ундан фақат иқлим ўзгаришига қарши кураш ва рақамли технологияларни ривожлантириш лойиҳаларига сарфлаш кўзда тутилган эди. Энди эса 335 миллиард еврогача бўлган маблағлар мудофаа соҳасига йўналтирилиши мумкин. Фонддан фойдаланиш учун давлатлар белгиланган талаб ва мақсадларга мос равишда ариза топшириши лозим. Бу талаблар Еврокомиссия томонидан аниқлаштирилади ва маблағлар айнан уларга мувофиқ тақсимланади. Нашр таъкидлашича, бу ўзгариш Европа Иттифоқининг устувор сиёсий йўналишларидаги жиддий бурилишни акс эттиради. Яъни, ЕИ энди ички иқтисодий тикланиш билан бирга, ташқи хавфсизлик ва мудофаа масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда, ушбу қарор Европа Иттифоқи бюджети ва аъзо давлатлар ўртасидаги молиявий муносабатларда янги босқични бошлаши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid