«Ёз мавсумида «тонировка» арзонлаштирилмайди» — ИИВ
Вазирликка кўра, бугунги кунда олд ва олд ён ойналарининг «тонировка» нархи 2018-йилга қараганда 11,25 баравар арзон.
© Ijtimoiy tarmoqlar2025-йилнинг август ойида Ўзбекистонда арзонлаштирилган мавзумий «тонировка» масаласи кўриб чиқилаётгани айтилганди. Аммо бу борада ҳали ўзгариш йўқ. Бу ҳақда 14-июль куни Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда Vaqt.uz журналисти шу кунларда Ўзбекистонда аномал иссиқ кузатилаётгани, қатор боғчалар ёпилгани, ҳали яна ёпилиши мумкинлиги, бундай об-ҳавода машиналарда ҳаракатланаётганлар табиийки иссиқдан сақланиш учун «тонировка»га эҳтиёж сезишини айтиб, ИИВ мулозимларига ўтган йил кўтарилган масала бўйича савол билан юзланди.
Вазирликнинг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи полковник Озодбек Жўрабоевнинг айтишича, ўзбекистонликлар қиммат нархга «тонировка» қилдирмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 18-июлдаги 547-сонли «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, транспорт воситаларидан фойдаланишга ўзгартиришлар, қорайтиришга рухсат берилган. Бу ҳужжатга шу кунга қадар 4 марта ўзгартиришлар киритилган.
Полковник Жўрабоев қарор энди қабул қилинган пайтларда қорайтириш масаласи базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 баравари миқдорида бўлганини айтиб, киритилган ўзгартиришлардан кейин «тонировка» нархлари 11,25 баравар арзонлаштирилганини урғулади.
«Агар эътибор қаратадиган бўлсак, ўша пайтда шу қорайтириш масаласи базавий ҳисоблаш миқдорининг 90 баравари эди. Бундан кейин жуда ҳам кўп таклифлар келиб тушди. Уларни ўргандик. Ҳозирги кунда ҳисоблайдиган бўлсак, бу 90 баравари ҳозир 37 миллион сўмдан ортиқ бўлади. Лекин ўша таклифларни инобатга олган ҳолда, бу қарорга шу нархлар масаласи бўйича тўрт марта ўзгартиришлар киритилди. Бундан ташқари, транспорт воситаларининг орқа ён ойналари ва орқа лобовой ойналарини бепул қорайтиришга рухсат берилди. Агар шу нархни кўрадиган бўлсак, ўша биринчи қабул қилинган қарордан бошлаб бугунги кунга қадар нархлар ўзгартириш натижасида 11,25 баравар арзонлаштирилди. Яъни, 37 миллиондан 3 миллион 296 минг сўмгача камайтирилди», — дейди у.
ИИВ мансабдорига кўра, орқа ён ойналари ва орқа лобовой ойнасининг «тонировка»си бепул қилинишига аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатлар сабаб бўлган.
«Бизга келиб тушган мурожаатларда биз касал бўлиб кетяпмиз, бошқа қиляпмиз, дейилган эди. Шунинг учун орқа ён ойналари ва орқа лобовой ойнасини 100 фоиз қорайтиришга рухсат берилган ва бу бепул қилинган. Энди агар кимдир касал бўлса, асосан орқа ўриндиқларда кетади», — таъкидлайди мулозим.
Полковникнинг айтишича, бугунги кунда бу масалаларни яна камайтириш ҳам кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ижтимоий тармоқларда ёз мавсуми учун «тонировка» рухсатномаси 412 минг сўм этиб белгилангани ҳақида тарқалаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтганди.





