
Зеленский–Трамп учрашувида ечилмаган 10 фоиз ҳал қилувчи масала бўлиб қолди — CNN
CNN таҳлилига кўра, Зеленский ва Трампнинг Флоридадаги учрашуви яқин тинчлик имкониятини кўрсатди, аммо энг оғир масалалар ҳали ҳам очиқ қолмоқда.

CNN 29 декабр куни Флоридада бўлиб ўтган учрашув якунларини таҳлил қилар экан, АҚШ ОАВ Зеленский ва Трамп музокараларидаги асосий хулосаларни эълон қилди. Учрашув уч соатдан ортиқ давом этганига қарамай, томонлар урушни тўхтатиш бўйича катта бурилиш ҳақида расман баёнот бермади.
Нашр қайд этишича, АҚШ президенти Доналд Трамп аввалги учрашувларга нисбатан Украина позициясига нисбатан очиқроқ ва ижобийроқ муносабат намоён этган. У биринчи марта очиқ минбарда Украина президенти Володимир Зеленскийни мақтаб, тинчликка эришиш мумкинлигини айтган. Шу билан бирга, музокаралар жуда мураккаб экани ва вақт талаб этишини ҳам таъкидлаган.
CNNʼнинг биринчи асосий хулосасига кўра, бу уруш ё яқин вақтда тугайди, ёки аксинча, номаълум муддатга чўзилиб кетиш хавфи мавжуд. Трамп аниқ дедлайнларни тилга олмаган бўлса-да, махсус вакили Стив Уиткофф ва маслаҳатчи Жаред Кушнер орқали олиб борилаётган фаол мулоқотлар ҳозирги пайтни энг мақбул фурсат сифатида кўрсатмоқда.
Иккинчи муҳим жиҳат — Россия президенти Владимир Путиннинг музокараларда жисмонан иштирок этмагани, аммо унинг шахси доимий равишда муҳокамалар марказида бўлгани. Трамп Зеленский билан учрашувдан олдин Путин билан телефон орқали гаплашгани ва кейин ҳам мулоқотни давом эттириш нияти борлигини айтган.
Учинчи ва энг мураккаб масала сифатида CNN «сўнгги 10 фоиз»ни қайд этади. Зеленскийга кўра, тинчлик режасининг 90 фоизи келишилган, аммо қолган қисм — энг оғир ва оғриқли масалаларни ўз ичига олади. Улар орасида Запорижжя атом электр станциясининг тақдири ва ҳудудий масалалар бор. Трамп эса айрим ҳолатларда Украинага ҳудудий ён беришни ҳам муҳокама қилиш мумкинлигини истисно этмаган.





