
Зоминдаги машҳур осма кўприк 150 млрд сўмга аукционга қўйилди
Жиззах вилояти Зомин туманида жойлашган машҳур осма кўприк ва унга боғлиқ хизмат кўрсатиш объектлари 23 декабр куни аукционга чиқарилади.

Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган туристик хизмат кўрсатиш объектлари мажмуаси очиқ электрон аукцион орқали сотувга қўйилди. Савдога машҳур осма кўприк, ресторан, кафе, савдо дўконлари ҳамда бошқа инфратузилма объектлари чиқарилган.
Аукцион 23 декабр куни бўлиб ўтади. Объектлар учун бошланғич нарх сифатида 149,3 млрд сўм белгиланган. Савдога қўйилган мулкларнинг умумий майдони 22,1 минг квадрат метрни ташкил қилади.
Кимошди савдоси бўйича буюртмачи сифатида «Turon Plaza Hotel» МЧЖ кўрсатилган. Компаниянинг ягона таъсисчиси “Туронбанк” ҳисобланади. Объектлар комплекси туризм ва сервис соҳасида фаолият юритиш учун тўлиқ тайёр ҳолатда экани қайд этилган.
Зоминдаги осма кўприк 2023 йилда расман фойдаланишга топширилган. У қисқа вақт ичида нафақат ҳудудий, балки республика миқёсидаги машҳур туристик масканга айланган. Кўприкнинг умумий узунлиги 305 метр, ердан баландлиги эса 150 метрни ташкил қилади. Муҳандислик ҳисоб-китобларига кўра, осма кўприк бир вақтнинг ўзида 600 нафар кишини кўтара олади.
Мутахассислар фикрича, ушбу объектнинг аукционга чиқарилиши хусусий инвесторлар учун туризм ва дам олиш инфратузилмасига кириш имкониятларини кенгайтиради. Зомин ҳудудининг табиий ландшафти ва туристик салоҳияти ҳисобга олинганда, объект юқори инвестицион жозибадорликка эга.
Аввалроқ Тошкент марказида жойлашган Автомобил йўллари қўмитаси биноси 242 млрд сўмга аукцион орқали сотилгангани ҳақида хабар берган эдик.





