1,5 гектар ер учун 750 минг доллар сўраган шахс қўлга тушди

Бугун 10:251 дақиқа

Тошкент вилоятида давлат захирасидаги ерни расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахс 20 минг доллар олаётганида ушланди.

1,5 гектар ер учун 750 минг доллар сўраган шахс қўлга тушди © DXX matbuot xizmati

Тошкент вилоятида ер майдонини ноқонуний тарзда расмийлаштириш билан боғлиқ коррупцион ҳолат аниқланди. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаронинг катта миқдорда пул талаб қилгани фош этилди.

Маълум қилинишича, 1979 йилда туғилган Тошкент шаҳри яшовчиси тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган. Гумонланувчи Янгийўл туманида жойлашган 1,5 гектар ер майдонини архитектура ва кадастр тизимида ишловчи мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Бу хизмат эвазига у фуқародан 750 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур мурожаат юзасидан тезкор чоралар кўриб, гумонланувчининг ҳаракатларини назоратга олган.

Тезкор тадбир

Ўтказилган тезкор тадбир давомида қонунбузар талаб қилинган маблағнинг бир қисми сифатида олдиндан 20 минг АҚШ долларини қабул қилиб олаётган вақтда қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳолатнинг барча тафсилотларини ўрганиб, унга алоқадор бўлиши мумкин бўлган шахсларни ҳам текширмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Паркент туманида маҳалла раиси ва яна икки шахс давлат захирасидаги ер майдонини 20 минг долларга сотишга уринганида қўлга олинган эди.

Теглар

Мавзуга оид