2025 йилда миллионерлар сони рекорд даражада ошди
Дунёнинг олти йирик минтақасидан бештасида бой одамлар сони ва уларнинг бойлиги асосан сунъий интеллект билан боғлиқ фонд бозорлари ҳисобига кўпайди.
© Bloomberg2025 йилда бойлиги юқори бўлган шахсларнинг умумий бойлиги 8,7 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 98,3 триллион долларга етди. Бу ҳақда Capgemini тадқиқот институтининг Global Wealth Report (Глобал бойлик ҳисоботи)да қайд этилган.
Миллионерлар сони қарийб 2 миллионга кўпайиб, 25,3 миллионга етди. Ўтган йили иқтисодиётнинг кучли ўсиши компанияларнинг барқарор фойда олгани билан боғлиқ бўлди. Шунингдек, сунъий интеллект (AI) йўналишида ишлайдиган корхоналарга киритилган инвестициялар фонд бозорининг барқарорлигини янада мустаҳкамлади. 2025 йилда дунёнинг олти йирик минтақасидан бештасида бой одамлар сони ва уларнинг бойлиги асосан сунъий интеллект билан боғлиқ фонд бозорлари ҳисобига ошди.
Осиё-Тинч океани минтақаси
Бу минтақа энг юқори ўсишни қайд этди. Бойлик ҳажми 10,5 фоизга, бой одамлар сони эса 9,4 фоизга кўпайди. Бунга яримўтказгичларга (чиплар) бўлган талабнинг ошиши сабаб бўлиб, у Осиё фонд бозорларининг ўсишига туртки берди. Японияда миллионерлар сони 436 минг кишига ошди. Хитойда эса 154 минг янги миллионер пайдо бўлди. Ҳиндистонда бой одамлар сони 11 минг 300 кишига кўпайди. Австралияда эса бу кўрсаткич 18 минг 100 кишини ташкил этди.
Шимолий Америка
Бу ҳудудда бой одамлар сони 9,1 фоизга ошди. АҚШда 736 минг янги миллионер пайдо бўлди. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Канадада бой одамлар сони 6,7 фоизга ўсиб, 30 минг янги миллионер қўшилди. Европа 2024 йилдаги пасайишдан сўнг, 2025 йилда Европада бой одамлар сони 6,5 фоизга ошди. Бунга фонд бозорларининг барқарорлашгани ва инфляциянинг пасайгани сабаб бўлди. Люксембург бой одамлар сонининг энг тез ўсган мамлакатларидан бири бўлиб, ўсиш 13,5 фоизни ташкил этди. Германияда бу кўрсаткич 11,1 фоизни ташкил этди. Францияда 2,7 фоиз, Буюк Британияда эса 2,6 фоиз ўсиш кузатилди.
Африка ва Лотин Америкаси
Африкада бой одамлар сони 4,1 фоизга ошди. Бунга қимматбаҳо металларнинг нархи кўтарилгани сабаб бўлди. Энг юқори ўсиш Марокашда кузатилиб, у 16,8 фоизни ташкил этди. Лотин Америкасида эса бой одамлар сони атиги 0,3 фоизга ошди. Гарчи инвестициялар аста-секин тиклана бошлаган бўлса ҳам, савдо соҳасидаги ноаниқликлар ўсишни секинлаштирди. Мексика энг яхши натижани кўрсатди. У ерда бой одамларнинг бойлиги 5,4 фоизга, уларнинг сони эса 1,8 фоизга ошди.
Яқин Шарқ
Бу минтақада бой одамлар сони 1,4 фоизга камайди. Бунга нефть нархининг пасайиши, минтақадаги можаролар ҳамда меҳнат бозоридаги муаммолар сабаб бўлиб, Форс кўрфази давлатларида иқтисодий фаоллик сусайди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда World Population Review нашри дунё бўйича энг кўп миллионерларга эга мамлакатлар рўйхатини эълон қилганди.





