
2025 йилда Ўзбекистонда 59 та янги мактаб очилди
2025 йил давомида мамлакат бўйича мактабларнинг умумий сони 10 193 тага етгани маълум қилинди.

Брифингда маълум қилинишича, 2025 йилда 59 та янги мактаб ишга туширилиб, мамлакат бўйича мактаблар умумий сони 10 193 тага етказилди.
Натижада мактаб ўқувчилари сони 6,5 миллион нафарни ташкил этди. Бу аҳоли ўсиши шароитида таълим тизимига тушаётган юкламани барқарор таъминлаш ва ўқувчилар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, 2024–2025 ўқув йили якунида 433 минг 503 нафар 11-синф ва 633 минг 952 нафар 9-синф битирувчисига давлат намунасидаги шаҳодатномалар топширилди.
Мактабгача таълим йўналишида ҳам ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 78 фоизга, 6 ёшли болалар қамрови эса 98 фоизга етказилди. Бу кўрсаткичлар болаларни мактаб таълимига тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар самараси сифатида баҳоланмоқда.
Инфратузилмани яхшилаш доирасида мактабларнинг 43 тасида янги қурилиш ишлари олиб борилди, 371 та мактаб реконструкция қилинди, 88 тасида эса мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Мактабгача таълим ташкилотларида ҳам қурилиш ва янгилаш жараёнлари жадал давом этди: 103 та янги объект қурилди, 191 таси реконструкция қилинди, 36 таси капитал таъмирдан чиқарилди.
Ушбу ишлар натижасида мактабларда қарийб 142 мингта қўшимча ўқув ўрни яратилди, шунингдек, 92 минг 400 ўринли мавжуд бинолар мукаммал таъмирланди. Бу ҳудудларда икки сменалик таълимни қисқартиришга хизмат қилмоқда.
Иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Президент иқтидорли фарзандлари» миллий дастури ишга туширилиб, унга 2 минг 642 та ариза қабул қилинди. Шу билан бирга, таълим муассасалари раҳбарларини рағбатлантириш мақсадида мактаб директорлари базавий тариф ставкалари 20 фоизга, директор ўринбосарлариники эса 15 фоизга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги 95 фоиз мактабларда ҳожатхоналар ташқарида жойлашгани маълум қилинганди.



