
Ўзбекистондаги 95 фоиз мактабларда ҳожатхоналар ташқарида жойлашгани маълум қилинди
2025 йил ҳолатига кўра, таълим муассасаларининг катта қисми ошхона, иситиш ва санитария шароитларида етишмовчиликка дуч келаётгани маълум бўлди.

9 декабр куни Мактабгача таълим ҳамда мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда мактаб майдонларини қайта кўриб чиқиш бўйича семинар ўтказилган. Унда 2025 йилда Ўзбекистон мактабларидаги инфратузилма ҳолати бўйича маълумотлар ҳам тақдим қилинган.
Маълумотларга кўра, мактаблардаги санитария ҳолати бўйича муаммолар бўлиб, мактабларнинг 95 фоизида ҳожатхоналар ташқарида жойлашган. Шу жумладан, оқова тизими бўйича ҳолат ҳам қониқарсиз: мактабларнинг 88 фоизи канализацияга эга эмас.

Шунингдек, мамлакатдаги 48 фоиз мактабда доимий марказлашган сув таъминоти йўқ. 274 та мактаб ҳали ҳамон қўлбола печлар билан иситилади. Умуман олганда, мактабларнинг 79 фоизи иситиш учун кўмирдан фойдаланади.
Инфратузилманинг яна бир сезиларли муаммоси — ошхоналар етишмаслиги. Мактабларнинг 56 фоизи ўз ошхонасига эга эмас. Шу билан бирга, инклюзив таълим имкониятлари ҳам етарли даражада эмас. Мактабларнинг 44 фоизида ногиронлиги бўлганлар учун зарур инфратузилма — пандуслар, мос тушиш йўлаклари ва махсус санузеллар мавжуд эмас.
Булардан ташқари, мактабларнинг 52 фоизида йиғилиш ва оммавий тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган мажлислар зали мавжуд эмас.





