
2026 йилдан «Online-шифокор» тизими йўлга қўйилади
2026 йилдан бошлаб тез тиббий ёрдам хизматида аҳоли учун онлайн шифокор маслаҳатлари тизими ишга туширилади.
© Фото: ssv.uz Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Ўзбекистонда «103» тез тиббий ёрдам хизмати илғор хорижий тажриба асосида босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда. Бу жараёнда рақамли бошқарув тизимлари жорий этилмоқда.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг ўтган даврида соҳада электрон бошқариш тизими тўлиқ йўлга қўйилди. Бунинг учун 2,4 минг нафар диспетчер махсус ўқув курсларидан ўтди. Натижада чақирув манзилига етиб боришда кечикиш ҳолатлари 1,1 фоиздан 0,3 фоизгача камайди.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг KOFIH ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида симуляцион ўқув марказлари ташкил этилди. Бу марказларда тез ёрдам бригадалари ходимлари малакасини ошириш бўйича замонавий тренинглар ўтказилди.
Вазирликнинг маълум қилишича, келгусида тизимни рақамлаштириш жараёни янада жадаллашади. 2026 йилда аҳоли учун «103» хизматида «Online-шифокор» маслаҳатлари йўлга қўйилади. Шунингдек, соҳадаги электрон дастурлар шифохоналар ва бирламчи тиббий муассасалар билан интеграция қилинади.
Маълумот учун, охирги саккиз йилда «103» хизмати инфратузилмаси сезиларли кенгайди. Жумладан, хизмат шохобчалари сони 818 тадан 1 680 тага, бригадалар сони эса 1 648 тадан 2 865 тага етди. Бир чақирув учун дори воситаларига ажратиладиган маблағ 750 сўмдан 11 800 сўмга ошди. Бу ўзгаришлар натижасида тез ёрдам машиналарининг чақирувга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқага қисқарди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида бажарилаётган тиббий амалиёт турлари 43 тага етгани ҳақида хабар берган эдик.





