Logo

2100 йилгача ҳуқуқий кафолат: Enterprise Uzbekistan рақамли маркази тақдим қилинди

Бугун 18:302 дақиқа

Янги халқаро рақамли технологиялар маркази сунъий интеллект, BigTech ва стартаплар учун 2100 йилгача кафолатланган ҳуқуқий барқарорлик, нол фоизли корпоратив солиқ ва инглиз ҳуқуқига асосланган махсус режимни таклиф этади.

2100 йилгача ҳуқуқий кафолат: Enterprise Uzbekistan рақамли маркази тақдим қилинди © Foto: Enterprise Uzbekistan

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Enterprise Uzbekistan халқаро рақамли технологиялар маркази расман тақдим этилди. Марказ инглиз ва Уэльс ҳуқуқи (Common Law) тамойилларига асосланган бўлиб, Марказий Осиёдаги ушбу форматдаги биринчи махсус технологик юрисдикция ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган марказ сунъий интеллект лабораториялари, йирик технологик компаниялар, маълумотлар марказлари, стартаплар, венчур фондлари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти учун мўлжалланган.

Enterprise Uzbekistan алоҳида ҳуқуқий режим асосида фаолият юритади. Марказ ўз норматив базаси, мустақил регулятори ҳамда компанияларни рўйхатдан ўтказишдан тортиб давлат хизматларидан фойдаланишгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи One-Stop-Shop тизимига эга бўлади.

Лойиҳа доирасида резидент компаниялар учун қатор солиқ ва маъмурий енгилликлар назарда тутилган. Хусусан, устувор технологик йўналишларда фаолият юритувчи корхоналар учун корпоратив даромад солиғини нол фоиз этиб белгилаш, экспорт операцияларини қўшилган қиймат солиғидан озод этиш режалаштирилган.

Шунингдек, малакали хорижий мутахассисларни жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилиш, Ўзбекистон фуқаролари учун эса 7,5 фоизлик имтиёзли даромад солиғи ставкасини қўллаш кўзда тутилмоқда.

Марказ резидентларига капитал ва фойдани эркин олиб чиқиш, хорижий мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун уч йилгача амал қилувчи визалар ва соддалаштирилган меҳнат рухсатномаларини олиш имконияти яратилади. Тақдимотда қайд этилишича, марказ фаолияти учун белгиланган асосий ҳуқуқий ва иқтисодий шароитлар 2100 йилгача кафолатланади.

Қайд этилишича, Enterprise Uzbekistan орқали 2030 йилгача рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, 300 мингдан ортиқ юқори даромадли иш ўрни яратиш ҳамда мамлакатда йирик технологик экотизимни шакллантириш мақсад қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Халқаро рақамли технологиялар маркази тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган эди. Мазкур ҳужжат Enterprise Uzbekistan фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилайди.

Vaqt.uz аввалроқ Тошкент халқаро молия марказида ҳам алоҳида солиқ ва ҳуқуқий режим жорий этилиши ҳақида хабар берганди.

Президент Мирзиёев маълум қилишича, марказ иштирокчилари учун 50 йил давомида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи ва божхона божларини ноль фоиз этиб белгиланади.

Марказда Англия ҳуқуқига асосланган махсус тартиб жорий қилиниши, мустақил молиявий регулятор ҳамда хорижий судьялар ва экспертлар фаолият юритадиган Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

Аммо Тошкент халқаро молия маркази оддий солиқ имтиёзлари бериладиган эркин иқтисодий зона эмас. У ҳам ўзининг тартибга солиш тизими, ҳуқуқий қоидалари, лицензиялаш органлари ва низоларни кўриб чиқадиган судига эга алоҳида молиявий юрисдикция сифатида шакллантирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид