
25 йил қидирувда бўлган ўзбекистонлик террорчи қўлга олинди
Чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар натижасида, халқаро террорчиликка алоқадор ўзбекистонлик фуқаро МДҲ давлатларидан бирида қўлга олиниб, мамлакатга олиб келинди.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, халқаро террористик ташкилотлар фаолиятида иштирок этган ва 25 йилдан ортиқ вақт давомида қидирувда бўлган фуқаро жорий йил ноябр ойида чет элда ушланди. ДХХ таъкидлашича, мазкур шахс чет эл махсус хизматлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари орқали қўлга олинган ва расмий тарзда Ўзбекистонга қайтарилган.
Ушбу шахс диний экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб, «ҳижрат» ва «жиҳод» қилишни мақсад қилган ҳолда 1999 йилда Ўзбекистон ҳудудини тарк этган. У кейинчалик Афғонистон, Покистон ва Суриядаги халқаро террористик гуруҳлар сафида жанговар ҳаракатларда иштирок этгани аниқланган. Террорчилик фаолиятини давом эттириш учун у бошқа шахс номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлардан фойдаланиб, узоқ йиллар давомида яширин ҳолда ҳаракатланган.
Давлат хавфсизлик хизмати бу шахс МДҲга аъзо мамлакатлардан бирида қўлга олинганини, унга нисбатан қонун доирасида тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Ушлангандан сўнг шахс Ўзбекистонга олиб келиниб, ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Жумладан, тергов материаллари 154-модда (ёлланиш), 155-модда (терроризм), 159-модда (конституциявий тузумга тажовуз) ҳамда бошқа тегишли моддаларни ўз ичига олади.





