35 йил ичида Ўзбекистон ЯИМи қарийб 5 баробарга ўсган
2025 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1 849,7 трлн сўмга етди, бу кўрсаткич 1991 йилга нисбатан 478,1 фоизга кўп.

Ўзбекистон иқтисодиёти сўнгги 35 йил давомида сезиларли ўсишни намоён қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) жорий нархларда 1 849,7 трлн сўмни ташкил этган.
Маълумотларга кўра, ЯИМнинг реал ўсиш суръати 1991 йилга нисбатан 478,1 фоизга етган. Бу кўрсаткич иқтисодиёт ҳажми қарийб 4,8 баробарга ошганини кўрсатади ва мамлакатда узоқ муддатли иқтисодий ўсиш тенденцияси сақланаётганини тасдиқлайди.
ЯИМ динамикасига назар ташланса, 1991 йилда бу кўрсаткич 61,5 млрд рубль бўлган. Кейинги йилларда миллий валютага ўтиш ва иқтисодий ислоҳотлар фонида ўсиш босқичма-босқич давом этган. Жумладан, 2000 йилда ЯИМ 3 256 млрд сўмга, 2010 йилда эса 88 102 млрд сўмга етган.
Сўнгги ўн йилликда иқтисодий ўсиш суръати янада тезлашган. 2015 йилда ЯИМ 250 545 млрд сўм бўлган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 705 077 млрд сўмга етган. Пандемиядан кейинги даврда ҳам ўсиш изчил давом этди.
Хусусан, 2021–2025 йиллар оралиғида ЯИМ ҳажми кескин ошган: 2021 йилда 861 171 млрд сўм, 2022 йилда 1 041 878 млрд сўм, 2023 йилда 1 261 806 млрд сўм, 2024 йилда 1 535 432 млрд сўм ва 2025 йилда 1 849 650 млрд сўмга етган.





