5 йилда корхоналар сони кўпайди, аммо фермер хўжаликлари қисқарди
Корхоналар сони Ўзбекистонда илк бор 600 мингдан ошди. Ҳар икки корхонадан бири савдо ёки қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайди, хорижий корхоналарнинг энг катта қисми эса Хитойга тегишли.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 601 минг 300 та корхона ва ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 440 минг 900 таси ёки 73,3 фоизи кичик корхоналар ва микрофирмаларга тўғри келади.
Фаолият юритаётган 445 минг 700 та тадбиркорлик субъектининг катта қисмини масъулияти чекланган жамиятлар ташкил этади. Уларнинг сони 356 минг 800 та ёки жами тадбиркорлик субъектларининг 80,1 фоизига тенг. Хусусий корхоналар 47 минг 200 та, оилавий корхоналар эса 37 минг 300 тани ташкил қилган.
Бу Ўзбекистонда фаол бизнес субъектлари сони анча юқори эканини кўрсатади. Бироқ фақат 2026-йилги кўрсаткичга қараб, корхона ва ташкилотлар сони қандай ўзгарганини баҳолаб бўлмайди. Бунинг учун сўнгги 5 йиллик статисистикани ўрганиб чиқиш керак.
Корхоналар сони сўнгги 5 йилда қандай ўзгарди?
2022-йил 1-август ҳолатига мамлакатда 587 минг 500 та корхона ва ташкилот фаолият юритган. 2023-йилда эса бу кўрсаткич 490 минг 900 тага тушиб, бир йил ичида 96 минг 600 та корхона фаолиятини тўхтатган. 2024-йилдан бошлаб мамлакатда фаолият юритаётган корхоналар сони яна кўпайиб, уларнинг сони 553 минг 100 тага етди.
Ўтган йил корхоналар сони 556 мингта, 2026-йилда эса 601 минг 300 тагача ошди.

Беш йиллик кўрсаткичга қараганда, сезиларли ўзгариш 2023-йилдан кейин бўлган. 2023–2024-йилларда 62 минг 300 та янги корхона иш бошлаган. Кейинги йили уларнинг сони атиги 2,9 минг тага кўпайиб, 2025–2026-йилларда янги 45 минг 300 та корхона ишга тушган.
Натижада 2026-йилга келиб Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналар сони 600 минглик чегарадан ошди. 2023-йил билан солиштирганда, уч йил ичида уларнинг сони 110 минг 400 тага, яъни қарийб 22 фоизга кўпайган.
Корхоналар сонидаги ўзгариш тадбиркорлик субъектлари сонига таъсир кўрсатди. Сўнгги 5 йил ичида тадбиркорлик субъектлари сони 445 минг 700 тага етди. Шу даврда кичик бизнес субъектлари сони ҳам 413 минг 900 тадан 440 минг 900 тагача ошди.
Бироқ фермер ва деҳқон хўжаликлари бўйича рақамлар бошқа манзарани кўрсатмоқда. Уларнинг сони 2022-йилдаги 109 минг 900 тадан 2026-йилда 91,5 мингтага тушган. Яъни беш йил ичида 18 минг 400 та хўжалик камайган.
Демак, тадбиркорлик субъектлари умумий сони ошган бўлса-да, унинг таркибидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари сони қисқарган.
Энг кўп корхоналар пойтахтда жойлашган
Тадбиркорлик субъектлари сони ошгани билан бизнес фаоллиги барча ҳудудларида бир хил шаклланмаган. Хусусан, корхона ва ташкилотларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳамда иқтисодий фаол бўлган йирик вилоятларда тўпланган.
Тошкент шаҳрида 114 минг 800 та корхона ва ташкилот фаолият юритади. Бу мамлакатдаги жами корхоналарнинг 19,1 фоизи дегани.
Кейинги ўринларда Тошкент вилояти — 57 мингта, Самарқанд — 55 минг 400 та, Фарғона — 50 минг 700 та ва Қашқадарё — 46 минг 300 та корхона билан қайд этилган.
Фақат шу беш ҳудуднинг ўзида Ўзбекистондаги жами корхона ва ташкилотларнинг қарийб 54 фоизи жойлашган. Энг катта улуш Тошкент шаҳрига тўғри келиб, пойтахтдаги корхоналар сони Тошкент вилоятига қараганда қарийб икки баравар кўп.
Бошқа ҳудудларда эса кўрсаткич анча паст. Масалан, Сирдарёда 17 минг 100 та, Навоийда 25 мингта ва Жиззахда 27 минг 700 та корхона ва ташкилотлар жойлашган. Бу бизнес фаоллиги ҳудудлар бўйича сезиларли фарқ қилишини кўрсатади.
Бундай сезиларли фарқни ҳудудларнинг аҳоли сони, бозор ҳажми ва иқтисодий фаоллиги билан изоҳлаш мумкин. Аҳолиси кўп ва бозори кенг ҳудудларда тадбиркорлик учун талаб ҳам юқори, шу сабабли бозорда «ўйинчилар» ҳам кўп.
Бизнеснинг асосий қисми савдо ва қишлоқ хўжалигига тўғри келади
Ўзбекистонда фаолият юритаётган корхоналарнинг деярли ярми иккита асосий тармоққа савдо ва қишлоқ хўжалигига тўғри келмоқда.
Савдо соҳасида 164 минг 481 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, бу жами кўрсаткичнинг 27,4 фоизини ташкил этади ва барча йўналишлар орасида энг юқори натижа ҳисобланади.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги йўналишида эса 131 минг 925 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг улуши 21,9 фоизга тенг.

Ушбу иккала соҳа биргаликда ҳисобланганда мамлакатдаги жами корхоналарнинг 49,3 фоизини, яъни қарийб ярмини ташкил қилмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистондаги ҳар икки корхонадан бири ё савдо, ё қишлоқ хўжалиги йўналишида ишлайди.
Корхоналар сони бўйича саноат сектори учинчи ўринда туради. Бу соҳада 63 минг 861 та корхона фаолият кўрсатмоқда, бу эса умумий кўрсаткичнинг 10,6 фоизига тенг.
Яшаш ва овқатланиш хизматлари соҳасида 33 минг 966 та, қурилиш тармоғида эса 33 минг 163 та корхона қайд этилган.
Ўзбекистонда қайси давлат корхоналари кўпроқ?
Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони йилдан-йилга ошмоқда. 1-август ҳолатига, мамлакатда 20 минг 973 та шундай корхона ва ташкилот фаолият юритиб келмоқда. Шундан 4 минг 685 таси қўшма корхона, 16 минг 288 таси эса хорижий корхона ҳисобланади.
Сўнгги беш йил давомида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони қарийб 3 бараварга ошган. 2022-йил 1-августда уларнинг сони 6 минг 954 тани ташкил этган бўлса, 2026-йилга келиб 20 минг 973 тага етган. Шу даврда корхоналар сони қарийб 14 минг 19 тага кўпайган.
Хорижий инвестициялар асосан савдо ва саноат соҳаларига йўналтирилган. Мамлакатдаги бундай корхоналарнинг 7 минг 450 таси савдо, 4 минг 98 таси саноат, 1 минг 732 таси эса қурилиш соҳасида фаолият юритмоқда. Бу хорижий бизнеснинг Ўзбекистон бозорида, айниқса, савдо ва ишлаб чиқариш йўналишларида фаол эканини кўрсатади.

Давлатлар кесимида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг энг катта улуши Хитойга тўғри келмоқда. 2026-йилнинг 1-август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Хитой инвестицияси орқали 6 минг 241 та корхона фаолият олиб бормоқда. Бу жами хорижий инвестициялар доирасида ишга туширилган корхоналарнинг қарийб 30 фоизини ташкил этади.
Хитой инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони Россияникидан қарийб 1,8 баравар, Туркияникидан эса 2,7 бараварга кўп.
Хитой, Россия ва Туркия биргаликда 12 минг 80 та корхонани ташкил этади. Бу Ўзбекистондаги хорижий инвестициялар иштирокидаги барча корхоналарнинг 57,6 фоизига тўғри келади. Яъни ҳар икки хорижий инвестиция иштирокидаги корхонадан биттаси шу уч давлат ҳиссасига тўғри келади.
Қолган олти давлатнинг ҳар бирида корхоналар сони мингдан кам. Хитойда эса уларнинг сони 6 мингдан ошади. Шу боис Хитой Ўзбекистондаги хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони бўйича энг катта улушга эга давлат бўлиб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1-июн ҳолатига Ўзбекистонда 586 минг 200 та корхона ва ташкилот фаолият юритаётган эди.
Теглар






