
9 ойда Ўзбекистонда иккиламчи уй нархлари долларда 5 фоизга ошди
Марказий банкнинг маълумотига кўра, тўққиз ойда уй-жой битимлари 11 фоизга кўпайди, иккиламчи бозордаги нархлар эса сўмда 1,7 фоизга, долларда 5 фоизга ўсди.

Марказий банк 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик сақланиб қолаётганини маълум қилди. Тўққиз ойлик давр якунига кўра, мамлакат бўйича жами 274 мингта битим тузилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга кўпдир. Регулятор маълумотларига кўра, айниқса, июль ойида савдолар кескин ошиб, битимлар сони 35 мингтага яқинлашган.
Иккиламчи уй-жой бозоридаги ўртача нархлар ҳам ўсишда давом этган. Марказий банк хабарида қайд этилишича, иккиламчи сегментда сўмдаги ўсиш 1,7 фоизни, доллардаги ўсиш эса 5 фоизни ташкил этган. Бунда сўмнинг мустаҳкамланиши асосий омил сифатида қайд этилган: йил бошидан бери доллар миллий валютага нисбатан 6,4 фоизга арзонлашган.
Таққослаш учун, 2023 йилда иккиламчи бозорда сўмдаги нархлар 35,1 фоизга, доллардаги нархлар эса 23 фоизга ошган эди. 2024 йилда ўсиш суръати секинлашиб, сўмда 6,3 фоиз, долларда 1,8 фоизни ташкил қилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ)нинг ҳисоб-китоблари Марказий банк маълумотларига яқин бўлса-да, битимлар сони бўйича бироз фарқ қилади. Марказ маркази маълумотига кўра, тўққиз ойда республика бўйича уй-жой савдоси 212 мингта бўлиб, 2024 йилга нисбатан 11,5 фоиз кўпайган. Марказнинг таҳлилларига кўра, иккиламчи бозордаги ўртача йиллик нархлар ўсиши 4,6 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 6,7 фоиз бўлган.
Тошкент шаҳридаги вазият ҳам турлича динамикани кўрсатган. Сентябр ойида пойтахтда иккиламчи уй нархлари 0,6 фоизга ошган бўлса-да, ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 1,7 фоизга пасайди. Айниқса, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида нархлар ўртача 4,3 фоизга тушгани қайд этилди.
Бирламчи уй-жой бозорида йиллик ўсиш 3 фоизни ташкил этди. Энг тез кўтарилиш пойтахтнинг Миробод, Бектемир ва Яккасарой туманларида кузатилиб, ўртача 5,8 фоизни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ октябр ойида нималар қимматлашгани ҳақида маълумот берган эдик.





