
Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади
Уни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасида маслаҳатчи-элчи лавозими жорий этилмоқда.

Бугун, 12 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари, Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ҳамраиси Саида Мирзиёева Юта штатининг (АҚШ) Девид Беднар бошчилигидаги бизнес делегацияси билан учрашув ўтказди.
Саида Мирзиёевага Президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов ва Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов ҳамроҳлик қилган.
«Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари ривожида янги босқич бошланганини мамнуният билан қайд этдик. Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этиш тўғрисидаги қарори ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлиши таъкидланди», - дея ёзди Мирзиёева ўзининг Телеграм-каналида.
Унга кўра, президент фармони билан Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиб, уни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасида маслаҳатчи-элчи лавозими жорий этилмоқда.
Шунингдек, ушбу фармон асосида Ўзбекистон резидентлари Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларидан маблағларни АҚШда корхоналар ташкил этиш, уларнинг капиталида иштирок этиш ёки филиалларини маблағ билан тўлдириш учун эркин ўтказишлари мумкин бўлади.
«Бу тадбиркорларимизнинг ташқи иқтисодий фаоллигини ривожлантириш, АҚШ билан инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг очиқ, замонавий иқтисодиёт сифатидаги янги имижини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир», - дейди Администрация раҳбари.





