Андижон давлат университетида 53 млрд сўм талон-торож қилинган
07.07.2025 | 20:153 дақиқа
Андижон давлат университетида ректор, бош ҳисобчи ва бир гуруҳ мансабдорлар 53,6 млрд сўм бюджет маблағини талон-торож қилгани аниқланган.

Андижон давлат университетида йирик маблағлар талон-торож қилингани фош этилди. Суд ҳужжатларига кўра, ушбу жиноят иши доирасида ректор, бош ҳисобчи ва яна 11 нафар шахс айбдор деб топилган. Улар 2019-2023 йиллар оралиғида 53,6 млрд сўм бюджет маблағини ўзлаштириш учун уюшган гуруҳ тузишган.
Суд маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари талабалар стипендиялари, рағбатлантириш, контракт тўловлари ва ётоқхона пулларини сунъий равишда оширган. Бундай усул орқали стипендия пуллари талабаларга берилмаган, имзолар қалбакилаштирилган ва тўлов ҳужжатлари сохталаштирилган.
Жиноят жараёнида талабаларнинг контракт тўловлари ва ётоқхона учун тўланган маблағлар ҳам университет ҳисобига киритилмаган. Тўпланган пуллар шахсий манфаатлар учун ишлатилган ва айрим ҳолларда яқин қариндошлар номига мулк сифатида расмийлаштирилган.
Университет бош ҳисобчиси Алимжон Маҳмудов жиноий даромадлар эвазига қимматбаҳо машиналар ва кўчмас мулк сотиб олган. У 2023 йилда 2 млрд 64 млн сўмлик BMW X7 автомашинасини ўғли номига расмийлаштирган.
Суд ҳукмига кўра, бош ҳисобчи Алимжон Маҳмудов 6,5 йил озодликдан маҳрум қилинди ва унга катта миқдорда жарима тайинланди. Собиқ ректор Акром Йўлдошев 6 йил озодликдан маҳрум этилди. Қолган 11 нафар айбланувчига турли жазолар тайинланди, жумладан, айримлари ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.
Текширув давомида зарарнинг бир қисми қайтарилди. Жами 53,6 млрд сўм зарарни қоплаш учун пул маблағлари, машина, уй ва тилла буюмлар мусодара қилинган.





