Logo

Ўқитувчилар учун узоқ кутилган имтиёз, 157 млн еврога олинаётган «Škoda» поездлари ва Тошкентдаги уй-жой нархлари — 18 сентябр дайжести

Kecha 23:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўқитувчилар учун узоқ кутилган имтиёз, 157 млн еврога олинаётган «Škoda» поездлари ва Тошкентдаги уй-жой нархлари — 18 сентябр дайжести

Экспертлар Ўзбекистонда ЯИМ ва маошлар бўйича янги прогнозларни эълон қилди

Ўзбекистон Марказий банкининг молия бозори экспертлари ўртасида ўтказган сўрови натижаларига кўра, мамлакат иқтисодиёти кутилганидан тезроқ ривожланиши тахмин қилинмоқда. Хусусан, жорий йилда реал ЯИМ ўсиши 6,9 фоизни (аввалги прогноз 6,7 фоиз), келгуси йилда эса 6,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, номинал иш ҳақининг ўсиши бу йил 13,5 фоиз, келаси йили эса 13,3 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.

Шу билан бирга, инфляция ва асосий ставка бўйича кутилмалар барқарорлашган. Экспертларнинг 80 фоизи навбатдаги йиғилишда асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолишини, келгуси 12 ойда эса 13,1 фоизга тушишини кутмоқда. Келгуси бир йил учун инфляцион кутилмалар 6,6 фоиз этиб белгиланган бўлиб, мутахассисларнинг 51 фоизи 5 фоизлик мақсадли инфляция кўрсаткичига 2027–2028 йилларда эришилишини таъкидлаган.

Ўзбекистон 157 млн еврога 10 та «Škoda» электропоездини сотиб олади

Ўзбекистонда 1983–1987 йилларда ишлаб чиқарилган эски таркибларни янгилаш мақсадида Чехиянинг «Škoda Transportation» компаниясидан 157 млн евро эвазига 10 та «ŠKODA 25Ev» электропоездини харид қилиш режалаштирилмоқда. Тўрт вагонли ва 432 ўринга мўлжалланган ушбу поездлар соатига 160 км тезликка чиқа олади ҳамда иқлим назорати, Wi-Fi, видеокузатув ва ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жойлар билан жиҳозланади.

Янги поездлар Тошкент вилояти, Фарғона водийси, Самарқанд, Бухоро ва Қарши минтақаларидаги жами 7 та йўналишда ҳаракатланиб, кунига 32–40 минг нафар (2030 йилга бориб йилига 23,5 млн) йўловчи ташиши кутилмоқда. Чипта нархлари масофага қараб 10 минг сўмдан 30 минг сўмгача этиб белгиланиши, тарифнинг ҳақиқий харажатни қопламайдиган қисми эса давлат томонидан қоплаб берилиши кўзда тутилган.

Тошкент ва вилоятларда уй-жойнинг ўртача бозор нархлари эълон қилинди

Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси томонидан 1 сентябр ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг 12 та йирик агломерациясидаги 35 та шаҳар ва туманда кўчмас мулк объектларининг ўртача бозор нархлари маълум қилинди.

Унга кўра, кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг 1 квадрат метри учун энг юқори нарх Тошкентнинг Шайхонтоҳур (25,3 млн сўм) ва Миробод (23,2 млн сўм) туманларида қайд этилган бўлса, пойтахт бўйича энг арзон кўрсаткич Янгиҳаёт туманига (11 млн сўм) тўғри келади. Ҳудудлар орасида эса квартираларнинг энг қиммат ўртача нархи Самарқанд шаҳрида (11,8 млн сўм/м²), энг арзони Фарғонанинг Қувасой шаҳрида (4,5 млн сўм/м²) кузатилган.

Тошкент иқтисодиёти 2026 йилнинг биринчи ярмида 13,3 фоизга ўсди

2026 йилнинг январ–июн ойларида Тошкент шаҳри иқтисодиёти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизга ўсиб, 226 триллион сўмни (тахминан 19,2 млрд доллар) ташкил этди. Статистика маълумотларига кўра, пойтахт мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 21,1 фоизини таъминлаб, миллий иқтисодиётга ҳисса қўшиш бўйича ҳудудлар орасида энг юқори кўрсаткични қайд этган.

Пойтахт иқтисодиётининг асосий драйвери хизмат кўрсатиш соҳаси бўлиб, унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 67,9 фоизга (153,5 трлн сўм) етган. Кейинги ўринларни саноат (20,1 фоиз ёки 45,4 трлн сўм) ва қурилиш (12 фоиз ёки 27,1 трлн сўм) тармоқлари эгаллаган. Хусусан, кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми бўйича (274,4 трлн сўм) Тошкент иккинчи ўриндаги Самарқанд вилоятидан (47,3 трлн сўм) сезиларли даражада олдинда бормоқда ва бу шаҳарнинг молия, ИТ ва савдо маркази сифатидаги мақомини мустаҳкамламоқда.

Бир йил кутилган имтиёз: педагоглар фарзандлари контрактига 30 фоиз чегирма тасдиқланди

Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги қарори билан 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб педагогларнинг давлат олий таълим муассасаларида бакалавриатнинг кундузги бўлимида тўлов-контракт асосида ўқиётган фарзандлари учун контракт суммасига 30 фоиз чегирма бериш тартиби расман тасдиқланди.

Агар оилада бир нечта фарзанд талаба бўлса, имтиёз ҳар бирига алоҳида қўлланилади ва уни олиш учун kontrakt.edu.uz тизими орқали юборилган ариза «Рақамли ҳукумат» тизими орқали тасдиқланиб, икки иш кунида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу имтиёз дастлаб 2025 йил 15 сентябрда давлат раҳбари томонидан эълон қилинган ва 2026 йил январидан кучга кириши ваъда қилинган эди.

Teglar

Mavzuga oid