Logo

Марказий банк инфлация 5 фоизга тушмагунча асосий ставкани ушлаб туради

Тимур Ишметовнинг маълум қилишича, регулятор асосий ставкани 14% даражасида сақлаб қолади ва инфляция 5% лик таргетга тушмагунча қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиради.

Марказий банк инфлация 5 фоизга тушмагунча асосий ставкани ушлаб туради © Foto: Markaziy bank

Ўзбекистонда инфляция 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга тушмагунча Марказий банк асосий ставкани ушлаб туради. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов Тошкентда ўтказилган биринчи Халқаро давлат активларини бошқариш форумида маълум қилди.

Ишметовнинг таъкидлашича, мамлакатда инфляция сезиларли даражада пасайган бўлса-да, нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича ишлар ҳали якунланмаган. Унинг сўзларига кўра, инфляцияни пасайтириш пул-кредит сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

2018 йилда Ўзбекистонда инфляция қарийб 20 фоизни ташкил этган бўлса, икки йил аввал бу кўрсаткич 10 фоизга яқин бўлган. Ҳозирда йиллик инфляция 6,2 фоизгача тушган. Марказий банк уни 2027 йил охиригача 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга туширишни режалаштирмоқда.

Ишметов иқтисодий ўсиш юқори суръатларда давом этаётган шароитда ташқи барқарорликни таъминлаш ҳам муҳимлигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, тез ўсаётган ва очилаётган иқтисодиёт ташқи зарбаларга бардош бера олиши керак.

Шу нуқтаи назардан, халқаро захираларни бошқариш алоҳида аҳамиятга эга. 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 млрд долларни ташкил этди.

Йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон захираларига қарийб 50 тонна олтин қўшилган. Ишметов бу кўрсаткич глобал миқёсда марказий банклар ўртасидаги иккинчи энг катта ўсиш эканини қайд этди.

Марказий банк раисининг сўзларига кўра, Ўзбекистон захираларини бошқаришда учта устувор тамойилга – хавфсизлик, ликвидлик ва даромадлиликка амал қилмоқда.

Ўзбекистон 2020 йилда Жаҳон банкининг захираларни бошқариш бўйича ҳамкорлик дастурига қўшилган. 2024 йилда эса портфелни диверсификация қилиш мақсадида илк бор АҚШ Ғазначилиги векселларини сотиб олган.

Ишметов мамлакат келгусида захираларни актив синфлари, валюталар ва контрагентлар бўйича янада диверсификация қилишни режалаштираётганини билдирди. Бунда халқаро тажрибадан фойдаланиш, жумладан, ташқи активларни бошқарувчилардан фойдаланиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Глобал захираларни бошқариш тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Жаҳон Олтин кенгаши ўтказган сўровга кўра, марказий банкларнинг 89 фоизи келгусида дунё бўйича олтин захиралари ҳажми ошишини тахмин қилмоқда. Сўровда қатнашган марказий банкларнинг 45 фоизи эса ўз олтин захираларини кўпайтиришни режалаштирган.

 

Teglar

Mavzuga oid