Logo

Ўзбекистон мевалари АҚШнинг гигант савдо тармоғи — «Costco»да сотилиши мумкин. Жараён бошланган

Ўзбекистонлик экспортчилар АҚШнинг йирик чакана савдо тармоғи саналган «Costco» бозорига кириш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бироқ бунинг учун дастлаб қатор талаблар бажарилиши лозим.

Ўзбекистон мевалари АҚШнинг гигант савдо тармоғи — «Costco»да сотилиши мумкин. Жараён бошланган © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар АҚШдаги энг йирик чакана савдо тармоқларидан бири — «Costco» дўконларида сотилиши кутилмоқда. Сентябр ойининг бошида компания вакиллари Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги бош консули Аҳрор Бурхонов билан учрашган эди. Музокаралар чоғида ўзбек қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини океан орти бозорига олиб кириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Учрашув доирасида АҚШ ҳудудида сотиш учун «USDA» (АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги) стандартларига тўла жавоб берадиган ўзбек майизи ва қуритилган ўрикларининг тақдимоти ўтказилган. Шу билан бирга, писта, бодом, олча, анор ҳамда бошқа турдаги ҳўл ва қуритилган меваларни айнан «Costco» тармоғи орқали сотувга чиқариш имкониятлари ҳам кўриб чиқилган.

АҚШ бозорига кириш осон кечмайди

Ўзбекистон мева-сабзавотлари ҳозирча «Costco» пештахталарига чиқарилгани йўқ. Маҳсулотларни АҚШга олиб кириш учун экспортчилардан бир нечта муҳим шартларни бажариш талаб этилади.

«Eurasianet» нашрининг ёзишича, асосий вазифалар қаторига ишончли таъминот занжирини йўлга қўйиш, маҳсулот сифати бўйича барқарор стандартларни таъминлаш, шунингдек, қадоқлаш ва брендлаш тизимини замон талабларига мослаштириш киради.

Бу талаблар фақатгина бир марталик маҳсулот етказиб бериш билан чекланиб қолмайди. Халқаро бозорга чиқишда маҳсулотнинг юқори сифати, зарур ҳажми ҳамда узлуксиз таъминоти мунтазам сақланиб туриши шарт.

Шу боис АҚШ бозорига киришда хомашё ёки маҳсулотнинг ўзигина эмас, балки унинг қандай қадоқланиши, харидорга қандай етказилиши ва партиядан партияга бир хил сифат стандартларини қандай сақлаб қолиш масаласи ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Муҳокама қилинаётган асосий маҳсулотлар қайсилар?

Музокаралар давомида бир нечта маҳсулот турлари кўриб чиқилган.

Жумладан:

  • майиз;

  • қуритилган ўрик;

  • писта;

  • бодом;

  • олча;

  • анор;

  • бошқа турдаги ҳўл ва қуритилган мевалар.

Бироқ ҳозирча санаб ўтилган маҳсулотларнинг айнан қайси бири «Costco» пештахталаридан жой олиши аниқ эмас. Бунинг учун дастлаб етказиб берувчилар томонидан маҳсулот тақдимотлари ўтказилиши ҳамда расмий харид жараёнлари тўлиқ ташкил этилиши лозим.

Нега айнан АҚШ бозори?

Ўзбекистоннинг «Costco» компанияси билан олиб бораётган музокаралари Марказий Осиё давлатларининг ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун янги экспорт бозорларини топишга қаратилган ҳаракатлари жадаллашган бир пайтга тўғри келмоқда.

Бугунги кунда Марказий Осиё мева ва сабзавотлари учун Россия ҳамда Хитой асосий экспорт йўналишлари ҳисобланади. Айниқса, Хитойга экспорт ҳажмини янада ошириш учун улкан салоҳият мавжуд.

Биргина Ўзбекистоннинг ўзи 2025 йилда Хитойга қарийб 193 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилган. Уларнинг умумий қиймати тахминан 210 миллион долларни ташкил этган.

Шу нуқтаи назардан, АҚШ бозорига кириш ташаббуси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш мумкин бўлган ва айни пайтда фаол муҳокама қилинаётган янги ташқи бозорлардан бири сифатида қаралмоқда.

Марказий Осиёда муаммо фақат экспорт бозорини топишда эмас

«Eurasianet» нашридаги мақолада Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги мева-сабзавот экспортига оид тадқиқотига ҳам эътибор қаратилган.

Бундан ўн йил аввал ўтказилган ушбу тадқиқотда мева-сабзавот сектори Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, қишлоқ ҳудудларида бандлик ва аҳоли даромадларини ошириш, шунингдек, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўшимча қиймат занжирига жалб этишдек улкан салоҳиятга эга экани таъкидланган.

Бироқ Жаҳон банки ҳисоботида экспорт салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш учун аввало сақлаш ва транспорт-логистика тизимларини яхшилаш, маҳсулот сифатини бир хил даражада сақлаб қолиш ҳамда халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги стандартларига мунтазам жавоб бериш шартлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Марказий Осиёда мева етиштирувчиларнинг аксарияти кичик фермер хўжаликлари ҳисобланади. Уларнинг молиявий ва илмий ресурслардан фойдаланиш имкониятлари чеклангани сабабли, ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми ҳамда маҳсулот сифати барқарорлигини таъминлашда ҳамон кўплаб муаммолар кузатилмоқда.

Бу масала Бишкекда ҳам муҳокама қилинди

16–17 сентябр кунлари Бишкек шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари ҳамда ишлаб чиқарувчилари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда Марказий Осиё қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда сифат назорати билан боғлиқ муаммолар етарлича тез ҳал этилмаётгани таъкидланган.

БМТ Тараққиёт дастури томонидан тарқатилган баёнотда ҳам минтақанинг мева-сабзавот экспорти борасида улкан салоҳиятга эга экани қайд этилди. Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари импорчи мамлакатларнинг сифат талабларига доимий равишда жавоб беришини тасдиқлаш имкониятига ҳанузгача тўлиқ эга эмаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Бишкекдаги музокараларнинг асосий мавзуларидан бири — маҳсулотлар учун ягона стандартлар ва амалиётларни ишлаб чиқиш, шунингдек, экспорт қилинаётган товарларни текшириш механизмларини янада такомиллаштириш масаласи бўлган.

БМТ Тараққиёт дастурининг Қирғизистондаги доимий вакили ўринбосари Патрик Ҳаверман халқаро стандартларни шунчаки мажбурий талаб эмас, балки янги бозорларга йўл очувчи муҳим восита сифатида қабул қилиш кераклигини таъкидлаган.

Ўзбекистон учун «Costco» қанчалик муҳим?

Ҳозирги босқичда бу саволга аниқ иқтисодий натижалар билан жавоб беришга ҳали эрта. Боиси маҳсулотлар «Costco» дўконларида сотувга қабул қилингани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.

Ҳозирча маълум бўлган ягона нарса шуки, «Costco» вакиллари ўзбек маҳсулотларига қизиқиш билдирган, уларнинг айрим намуналари кўриб чиқилган ва келаси йилнинг феврал ойида маҳсулот тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, ўзбек экспортчилари олдида ҳал этилиши керак бўлган асосий вазифалар ҳам аниқ белгилаб берилган: ишончли таъминот занжири, сифат барқарорлиги, тўғри қадоқлаш ва замонавий брендлаш.

Агар мазкур жараён муваффақиятли якунланса, АҚШ бозорида ўзбек майизи, қуритилган ўриги, пистаси, бодоми, олчаси ва анорини сотиш учун кенг имкониятлар эшиги очилади. Ҳозирча эса бу фақат музокара ва тайёргарлик босқичидаги лойиҳа бўлиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid