Ўзбекистон тижорат банклари ярим йилда 462 млрд сўмлик шубҳали операцияларни тўхтатиб қолди — Марказий банк
Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларининг кибержиноятчилар ва фирибгарларга қарши кураш натижаларини эълон қилди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистон Марказий банки 2026 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича тижорат банкларида жорий этилган антифрод ва антивирус тизимлари натижаларини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, антифрод тизимларида шубҳали деб баҳоланган операциялар бўйича 18,1 млндан ортиқ ҳолат қайд этилган.
Қайд этилишича, антифрод тизими банк операцияларини хавф даражаси бўйича таҳлил қилиб, фирибгарлик эҳтимоли юқори бўлган операцияларни чеклайди.
Миллиардлаб сўмлик шубҳали операциялар тўхтатиб қолинди
Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида фирибгарлик эҳтимоли юқори бўлган операцияларни чеклаш бўйича «Халқ банки» етакчилик қилмоқда. Ушбу банк томонидан 2 221 403 та ҳолатда жами 186,7 миллиард сўмлик операциялар чекланган.
Кейинги ўринларда қайд этилган тижорат банкларининг кўрсаткичлари қуйидагича:
«TBC bank» — 175,5 миллиард сўм (93 215 та ҳолат);
«Uzum bank» — 68,1 миллиард сўм (18 022 та ҳолат);
«SQB» (Ўзсаноатқурилишбанк) — 23,7 миллиард сўм (1 733 та ҳолат);
«Ипак Йўли банки» — 5,6 миллиард сўм (1 364 136 та ҳолат);
«Hamkor bank» — 1,6 миллиард сўм (103 105 та ҳолат);
«Миллий банк» — 0,7 миллиард сўм (101 865 та ҳолат);
«Turon bank» — 7,7 миллион сўм (3 121 та ҳолат);
«Ipoteka bank» — 4,3 миллион сўм (4 та ҳолат);
«Open bank» — 2,5 миллион сўм (6 309 та ҳолат).
Шунингдек, бошқа банклар томонидан жами 14 210 139 та ҳолатда 3,0 миллион сўмлик шубҳали операцияларнинг олди олинган.
Мобил иловалардаги антивирус
Марказий банкнинг таъкидлашича, тижорат банкларининг мобил иловаларида жорий этилган антивирус тизими мижозларнинг телефонларига ўрнатилган зарарли .apk файллар ва дастурларни аниқлаш орқали банк иловаларидан хавфсиз фойдаланишга ёрдам беради.
«Ипак Йўли банки» бу йўналишда энг юқори кўрсаткични қайд этиб, 991 179 та қурилмани зарарли дастурлар аниқлангани сабабли чеклаган. Шу билан бирга, банк томонидан 57 326 та қурилма зарарли дастурлардан тозаланган.
Бошқа банклардаги ҳолат қуйидагича кўриниш олди:
«Orient Finans bank» — 93 117 та қурилма чекланган;
«Agrobank» — 55 955 та қурилма чекланган, шундан 30 997 таси тозаланган;
«APEX BANK» — 30 506 та қурилма чекланган, 24 997 таси тозаланган;
«TBC bank» — 29 154 та қурилма чекланган, 18 181 таси тозаланган;
«InFinBank» — 23 707 та қурилма чекланган ва барчаси (23 707 та) тозаланган;
«SQB» — 13 544 та қурилма чекланган ва барчаси тозаланган;
«Mikrokreditbank» — 11 285 та қурилма чекланган, 9 575 таси тозаланган;
«Tenge bank» — 6 914 та қурилма чекланган;
«Open bank» — 5 998 та қурилма чекланган, 4 859 таси тозаланган.
Регулятор таҳлилига кўра, бошқа банкларда ушбу тизим орқали 25 877 та қурилма чекланиб, 1 820 849 та қурилма тозаланган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур «Session antifrod» ҳамда антивирус тизимлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-381-сон қарорига мувофиқ, тижорат банкларида мижозлар маблағлари ва мобил қурилмаларини турли рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилган.




