АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор Ўзбекистонга келади

Октябр ойининг охирида АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау Ўзбекистонга ташриф буюради.

АҚШ президентининг махсус вакили Сержио Гор Ўзбекистонга келади

АҚШ Давлат департаменти маълумотича, президент Доналд Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау октябр ойи охирида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади.

Маълумотга кўра, делегация ташрифдан олдин Қозоғистонда бўлиб, кейин Тошкентга йўл олади. Сафар доирасида АҚШ расмийлари Ўзбекистон ҳукумат вакиллари билан учрашиб, «кенг кўламли иқтисодий ва хавфсизлик масалалари»ни муҳокама қилиши режалаштирилган.

Давлат департаменти таъкидлашича, Қўшма Штатлар Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва савдо алоқаларини кенгайтиришни давом эттиради. «Биз икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва АҚШ ҳамда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги C5+1 дипломатик платформасининг ўн йиллигини нишонлашга интилаяпмиз», — дейилади расмий баёнотда.

C5+1 формати — АҚШ ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақавий мулоқот платформаси бўлиб, у хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш ва экологик барқарорлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришни мақсад қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сентябр ойи охирида Нью-Йоркда бўлган ташрифи чоғида Сержио Гор билан учрашган эди. Томонлар ўша пайтда ҳам савдо, инвестиция ва минтақавий хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилганди.

Теглар

Мавзуга оид