add

АҚШда энг узоқ давом этган шатдаун якунланди

АҚШ президенти Доналд Трамп вақтинчалик бюджет тўғрисидаги қонунни имзолади ва шу тариқа мамлакат тарихидаги энг узоқ — 43 кун давом этган шатдаун ниҳоясига етди. Аввалги рекорд 2019 йилда Трампнинг илк президентлик муддати вақтида 34 кун 21 соат давом этган.

АҚШда энг узоқ давом этган шатдаун якунланди

АҚШ президенти Доналд Трамп 43 кун давом этган рекорд узоқ шатдаунга чек қўйди. У Конгресс қабул қилган вақтинчалик молиялаштириш тўғрисидаги қонунни имзолади, бу федерал ҳукуматнинг фаолиятини дарҳол қайта тиклаш имконини беради. Оқ уйнинг баёнотига кўра, ҳужжат давлат хизматчиларига тўланмай қолган маошларни тўлиқ қоплаб беришни таъминлайди.

Шатдаун демократлар ва республикачи қонун чиқарувчилар ўртасидаги кескин сиёсий келишмовчиликдан келиб чиққан эди. Демократлар вақтинчалик бюджет лойиҳасини қўллаб-қувватламасликка қарор қилган, чунки у Қулай тиббий ёрдам тўғрисидаги қонун (Obamacare) доирасидаги субсидияларни узайтиришни назарда тутмаган. Республикачилар эса ушбу талабга рози бўлишдан бош тортган. Сенатда вақтинчалик бюджетни қабул қилиш учун 60 овоз талаб қилинган, бироқ республикачиларнинг 53 овози етарли бўлмагани сабабли музокаралар ҳафталар давомида тўхтаб қолган эди. Демократлар охиригача Обамаcареъни узайтириш кафолатисиз ҳужжатни қўллаб-қувватлашдан бош тортиб келди.

Ниҳоят 39-куни АҚШ Сенати ҳукумат фаолиятини тиклаш ва шатдаунни тўхтатишга қаратилган қонун лойиҳасини қабул қилди. 60 нафар сенатор «ҳа», 40 нафари эса «йўқ» деб овоз берган.

Трамп имзолаган қонун 2026 йил 30 январгача федерал ҳукуматни молиялаштиришни кафолатлайди. Ҳужжат ҳарбий қурилиш, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва қонун чиқарувчи органлар учун зарур йиллик маблағларнинг бир қисмини ҳам тасдиқлайди.

Маълумот учун, шатдаун давомида 700 мингга яқин федерал хизматчи ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган ёки ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантирилган. Бошқа қатор ходимлар — миллий гвардия, авиадиспетчерлар, полиция ва транспорт хизмати ходимлари — маошсиз ишлашга мажбур бўлди. Бу ҳолат айрим авиадиспетчерларнинг ишдан кетишига олиб келди ва мамлакат бўйлаб минглаб парвозлар бекор қилинди. Қўшимча равишда, 42 миллион америкалик фойдаланадиган SNAP озиқ-овқат ёрдами дастурида молиявий узилишлар кузатилди.

Трамп ҳукумат ишини тиклаш билан бирга шатдаун даврида иш ташламаган авиадиспетчерларга 10 минг доллар миқдорида бонус беришни тавсия қилди. Қонун федерал хизматчиларнинг лавозимини сақлаб қолиш ва қарз бўлиб қолган иш ҳақини тўлашни ҳам кафолатлайди. Бироқ Obamacare субсидияларини узайтириш масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда — республикачи сенаторлар бу бўйича алоҳида овоз беришга ваъда берган, аммо аниқ келишув мавжуд эмас.

Теглар

Мавзуга оид

АҚШда энг узоқ давом этган шатдаун якунланди | Vaqt.uz