add

АҚШнинг Украина бўйича режаси Европа етакчиларини ғазабга солди

Бугун 09:305761 Дақиқа

Вашингтоннинг 28 бандан иборат тинчлик таклифи европаликлар ва Киевда қаттиқ эътирозга сабаб бўлди. Улар ўзларининг муқобил тинчлик режасини тайёрламоқда.

АҚШнинг Украина бўйича режаси Европа етакчиларини ғазабга солди

Der Spiegel нашри маълумотларига кўра, АҚШнинг Украина бўйича 28 бандан иборат тинчлик режаси Европанинг етакчи мамлакатларида қаттиқ норозиликка сабаб бўлди. Берлин режа мазмунини Вашингтондан эмас, АҚШ нашрлари орқали билиб олган ва уни «провокация» деб баҳолаган. Германия Ташқи ишлар вазири Иоҳанн Вадефул бу борада АҚШнинг махсус вакили Стив Уиткоффдан расмий изоҳ сўраган.

Режа Донецк, Луҳанск ва Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш, Украинанинг НАТОга киришидан воз кечиши ҳамда мамлакат қуролли кучлари сонини 600 минг нафарга чеклашни ўз ичига олади. Немис қонунчилик органи вакиллари бундай таклифни «диктаторлик тинчлиги», деб атаган. Уларга кўра, бу режа фақат Москва учун вақтдан ютиш имконини яратади.

Берлин, Париж ва Лондон Киев билан биргаликда АҚШ режасига муқобил тинчлик формуласини ишлаб чиқмоқда. Унга кўра, ҳозирги фронт чизиғи музокаралар учун асос сифатида таклиф этилади. Бу АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган ҳудудий ўзгаришларга асосланган режага мутлақо зид ҳисобланади.

Германия канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва Украина раҳбари Володимир Зеленский 21 ноябр куни телефон орқали музокара ўтказган. Улар 22 ноябр куни Жанубий Африкадаги G20 саммити доирасида шахсан учрашиб, АҚШ режасига контртаклиф тайёрлашни режалаштирмоқда.

Оқ уй эса АҚШ режаси тузилиш жараёнида Украина ва Россия билан ҳам алоқа бўлганини, ундаги шартлар ҳар икки томон учун ҳам қабул қилинадиган бўлишини таъкидламоқда.

Теглар

Мавзуга оид

АҚШнинг Украина бўйича режаси Европа етакчиларини ғазабга солди | Vaqt.uz