
Аъзо кўчириш меҳнат қобилиятининг 33 фоиздан ортиғи йўқолишига олиб келса, энди тиббий хулоса берилмайди
Трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди. Унга кўра, қабул қилувчи ва тирик донор тиббиёт муассасаларида 3 ой ичида тиббий текширувлардан ўтиши керак.

21 ноябрда Адлия вазирлиги Инсон аъзоларини трансплантация қилиш ҳақида реципиентлар ва донорларга тиббий хулосалар бериш бўйича низомни рўйхатдан ўтказди.
Ушбу низомда реципиент (қабул қилувчи) ва донорларни тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда трансплантация амалиёти учун тиббий хулосалар бериш тартиби белгиланди. Унга кўра, реципиент ва тирик донор тиббиёт муассасаларида 3 ой ичида тиббий текширувлардан ўтиши керак.
Шунингдек, тиббий текширув хулосаларига кўра трансплантация амалиётига рухсат бериш фақат Ҳукуматнинг 2024 йил 13 июндаги 333-сон қарорида кўрсатилган давлат тиббиёт муассасаларининг тиббий консилиуми томонидан амалга оширилади.
Тиббий консилиум реципиентга инсон аъзолари ва (ёки) тўқималари трансплантацияси амалиётига муҳтожлиги, донорга эса трансплантация амалиётига лаёқатлилиги тўғрисида тиббий хулосани беради ёки беришни рад этади.
Жумладан, трансплантация амалиёти инсоннинг кўриш, нутқ, эшитиш қобилиятининг йўқолиши ёки руҳиятнинг бузилиши, меҳнат қобилиятининг 33 фоиздан ортиқ барқарор йўқолишига сабаб бўладиган тарзда зиён етказишига олиб келса реципиент ва донорга тиббий хулосани бериш рад этилади.





