Logo

Банк ва тўлов хизматлари бўйича фуқароларга 69 млн сўмдан ортиқ пул қайтарилди

Бугун 16:102 дақиқа

«Cross Pay» орқали банк карталаридан ечилган жами 30 млн 820 минг сўм қайтариб берилди. Қашқадарёда «Universalbank»нинг Қарши филиали Россиядан юборилган пул ўтказмасини икки ой давомида эгасига бермаган. «Agrobank»нинг талаби эса банкка молиявий жарима қўллашга сабаб бўлди.

Банк ва тўлов хизматлари бўйича фуқароларга 69 млн сўмдан ортиқ пул қайтарилди © vaqt.uz

Рақобат қўмитаси банк, тўлов ва суғурта хизматлари бўйича фуқаролар ҳамда тадбиркорлардан келган мурожаатларни ўрганди. Айрим фуқароларга картасидан ечилган ёки банкда ушланиб қолган пуллар қайтарилди. Суғурта бўйича мурожаатлардан бирида тўлов муддати тузатилди, бошқасида эса суғурта товони тўланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

«Cross Pay» АЖ фаолияти юзасидан қўмитага икки фуқаро мурожаат қилган. Улардан бири картасидан 25,2 млн сўм ноқонуний ечилганини билдириб, пулни қайтаришда ёрдам сўраган. Мурожаат кўриб чиқилгач, унга маблағ нақд шаклда берилди. Иккинчи фуқаронинг картасидан ечилган 5 млн 620 минг сўм эса ўша картага қайтарилди.

Қашқадарёда «Universalbank»нинг Қарши филиали Россиядан юборилган пул ўтказмасини икки ой давомида эгасига бермаган. Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси аралашганидан сўнг фуқаро 37 млн сўмдан ортиқ маблағини тўлиқ қайтариб олди.

Олмалиқда бир фуқаронинг «TBC Bank» иловаси орқали юборган 2 млн сўмлик ўтказмаси техник сабабга кўра бекор қилинган, аммо пул картасига қайтмаган. Мурожаат ўрганилгач, маблағ унинг картасига қайтарилди.

Суғурта бўйича мурожаатлар

Қорақалпоғистонда «Agrobank»нинг Беруний филиали 2024–2025-йилларда бешта фермер хўжалигига кредит ажратган. Филиал фермерлардан кредитни қайтара олмаслик хавфини фақат «My Insurance» компаниясида суғурталашни талаб қилган. Махсус комиссия буни «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси бузилиши деб топган. Нукус туманлараро иқтисодий суди қонуннинг 42-моддасига асосан банкка молиявий жарима қўллаш бўйича қўмита томонидан киритилган даъво аризасини қаноатлантирган.

Жиззахда бир фуқаро «Agrobank»нинг «Open» иловаси орқали маҳсулотни муддатли тўловга олган. У 12 ой давомида жами 6,5 млн сўм тўлаши керак эди. Бироқ фуқарога хабар берилмасдан суғурта уч йилга расмийлаштирилган ва қўшимча тўловлар қўшилган. Ҳудудий бошқарма аралашувидан кейин суғурта тўлови муддати тузатилди.

Навоийда «Milliy bank»дан автокредит олиб машина сотиб олган фуқаро йўл-транспорт ҳодисасидан кейин «Gross Sug‘urta Kompaniyasi»га мурожаат қилган. Суғурта товонини олиш масаласи ҳал бўлмагач, у Рақобат қўмитаси билан боғланган. Шундан сўнг компания қарийб 7,5 млн сўмлик товонни автокредит қарзини қоплаш учун тегишли ҳисобвараққа ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда банкоматдан пул ечишга ёрдам бериш баҳонасида фуқароларнинг пулларини ўғирлаган шахслар қўлга олинганди.

Теглар

Мавзуга оид