add

Банкротлик, пул ювиш ва бирлашиш: Ўзбекистон тарихида қайси банклар ёпилиб кетган?

Кеча 21:205 дақиқа

«Янги банк»нинг тугатилаётгани Ўзбекистонда банклар ёпилиши бўйича биринчи ҳолат бўлгани йўқ. Сўнгги 4 йил ичида Марказий банк 4 та банкнинг лицензиясини қайтариб олди.

Банкротлик, пул ювиш ва бирлашиш: Ўзбекистон тарихида қайси банклар ёпилиб кетган?

Марказий банк бугун, 15 январ куни «Янги банк»нинг банк фаолиятини амалга оширувчи лицензиясини қайтариб олди. Банкдаги омонатчиларнинг аксариятига пуллари тўлиқ қайтарилади. 

Лицензия олиб қўйилишига банк устав капитали бўйича регуляторнинг талабларини бажармагани сабаб бўлди. Марказий банк талаби 500 млрд сўм бўлса, «Янги банк»нинг устав капитали 355 млрд сўмни ташкил қилган. 

«Янги банк» фаолиятини бошлагандан бери 170 млрд сўмдан кўпроқ зарар кўрган. 2025 йилнинг ўзида банкнинг зарари 136 млрд сўмдан ошган. 

«Янги банк»нинг тугатилаётгани Ўзбекистонда банклар ёпилиши бўйича биринчи ҳолат бўлгани йўқ. Сўнгги 4 йил ичида Марказий банк 4 та банкнинг лицензиясини қайтариб олди. 

Vaqt.uz мамлакат тарихида ёпилган, банкрот бўлган ва бошқалар билан бирлашган банклар рўйхатини тақдим қилади.

«Евроосиё банки» 

photo_1_2026-01-15_20-45-48

Марказий банк 2025 йилнинг 28 августида «Евроосиё банки»дан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олганди

«Евроосиё банки» ҳам худди «Янги банк» каби устав капитали бўйича регулятор талабларини тўлиқ бажармаган. 2025 йил 1 январдан бошлаб банкларнинг устав капитали камида 500 млрд сўм бўлиши керак эди. 

Банк лицензияни 2024 йил январида олган эди. Лицензия олиб қўйилишидан аввал 2025 йилнинг биринчи ярмида банкнинг зарари 51,6 млрд сўм бўлган. 

«Евроосиё банки» Ўзбекистонда Қозоғистондаги худди шу номдаги банкнинг шўъба банки сифатида очилганди. Лицензия қайтариб олингач, Қозоғистон банки Ўзбекистондаги бизнес ўхшамагани, бор эътибор Қозоғистонга қаратилишини маълум қилди

«Туркистонбанк»

«Туркистонбанк» Ўзбекистонда 1998 йилдан 2022 йилгача узоқ муддат фаолият юритган. Марказий банк томонидан банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия 2022 йилнинг 7 октябрида чақириб олинган

photo_2_2026-01-15_20-45-48

2023 йил февралида эса Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарори билан банк банкрот деб топилган. Банкрот деб эълон қилинган пайтда «Туркистонбанк» Ўзбекистон банклари орасида активлар бўйича 26-ўринда эди. 

Фаолиятини сўнгги йилларида банкда муаммоли кредитларнинг кредит портфелига нисбатан улуши кескин ошиб кетган эди. 

«Туркистонбанк»нинг 368 млрд сўм атрофидаги аҳолидан олинган қарз маблағлари давлат томонидан тўлиқ қайтарилган. 

«Hi-Tech Bank»

Банкнинг лицензияси 2022 йил 7 октябрида «Туркистонбанк» билан биргаликда Марказий банкдан қайтариб олинган. 2010 йилда хусусий банк сифатида очилган кредит ташкилоти 12 йил давомида фаолият олиб борди. 

Screenshot_1

2022 йилнинг декабрида «Hi-Tech Bank» Марказий банкни лицензияни чақириб олгани учун судга берганди. Бироқ, суд банкнинг ушбу даъвосини рад этган. 2023 йил 17 мартда банкни банкрот деб топиш тўғрисида суд қарори маълум қилинди

«Hi-Tech Bank» биноларини лицензия чақириб олинишдан аввал аукционга қўйишни бошлаганди. 2023 йил ноябрда банкнинг бинолари қарийб 100 млрд сўмга аукционда сотилганди

photo_3_2026-01-15_20-45-48

Банк биноларидан бирини 69 млрд сўмга «Ўзбекинвест» компанияси сотиб олганди. Бино Тошкент марказида, Навоий кўчасида жойлашган. Яна бир Миробод туманидаги бино 27,8 млрд сўмга «WBM Xazorasp» компаниясига сотилганди. 

2023 йилнинг октябрь ойида «Hi-Tech Bank»да тахминан 5 млрд сўм атрофида аҳоли омонатлари бор экани маълум қилинганди. Уларнинг барчаси агент банк — «Қишлоқ қурилиш банки» (ҳозирги Бизнесни ривожлантириш банки) орқали аҳолига қайтарилган. 

«Амирбанк» 

«Туркистонбанк» ва «Hi-Tech Bank»ка қадар узоқ вақт банклар ёпилиши билан боғлиқ ҳолат кузатилмаган эди. 

2014 йилда «Амирбанк»нинг ёпилиши бунгача сўнгги кейс бўлиб турганди. 2008 йилда хусусий тарзда ташкил қилинган банкни орадан 6 йил ўтиб Марказий банк лицензиясини қайтариб олди

photo_4_2026-01-15_20-45-48

Лицензия қайтариб олинишидан аввал S&P агентлиги «Амирбанк»нинг барча рейтингларини бекор қилганди. Бунга сабаб қилиб рейтингни кузатишни давом эттириш ва жараёнини янгилаб бориш учун етарли ҳамда ишончли ахборот берилмаётгани келтирилган. 

Банкнинг бош офиси Самарқандда жойлашган эди. «Амирбанк» номи айнан Амир Темурга атаб қўйилганди ва банкнинг логотипида ҳам Амир Темур ҳайкали турарди. 

«Амирбанк» 5 млрд сўмлик устав капитали билан очилган. Фаолиятининг асосий йўналиши кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш эди. 

«Самарқанд банк» 

«Самарқанд банк»нинг ҳам лицензияси Марказий банк томонидан 2014 йилнинг бошида чақириб олинган. Банк 2000 йилда очилган бўлиб, 14 йил давомида фаолият олиб борди. 

photo_5_2026-01-15_20-45-48

2013 йилда банк раҳбарият алмашгач аҳвол ёмонлашади. S&P агентлиги ўша йили худди «Амирбанк» каби банкнинг кредит рейтингларини маълумотлар етарли эмаслиги сабаб қайтариб олганди

«RBS Ўзбекистон»

«Royal bank of Scotland Ўзбекистон» банки 2013 йилда «КДБ Банк Ўзбекистон» банки билан бирлашган эди. Банкни Корея Тараққиёт банки сотиб олганди. 

photo_6_2026-01-15_20-45-48

«RBS Ўзбекистон» банки 1996 йилда «ABN AMRO Bank Ўзбекистон» номи остида ташкил қилинганди. Банк очилган пайтда 30 фоиз улушига «Миллий банк», қолган 70 фоизига хорижий молия ташкилотлари эгалик қиларди. 

2008 йилда банкнинг асосий эгаси алмашади ва унинг номи «Royal bank of Scotland Ўзбекистон» дея ўзгартирилади. Банк шу ном остида 2013 йилда «КДБ Банк»ка қўшилиб кетгунча фаолият олиб боради. 

Бундан ташқари мустақилликдан 2010 йилгача қуйидаги банклар ёпилган ёки бошқа банкка қўшиб юборилган: 

— Нур Анвар банк (1988–1992)

— Рустамбанк (1992–1998)

— Умарбанк (1990–2000)

— Мевасабзавотбанк (1994–2000)

— Авиабанк (1990–2004)

— Бизнес-Банк (2002–2005)

— Узприватбанк (1995–2006)

— Парвинабанк (1994–2009)

— Алп Жамол банк (1998–2010)

Рўйхатдаги банклардан «Нур Анвар банк» асосичиси Анвар Тилланазаров қамалгандан сўнг банк активлари мусодара қилинган тарзда ёпилган. Тилланазоровнинг банкдан ташқари бутун мол-мулки давлатга мусодара қилингани айтилади. 

«Рустамбанк» мустақил Ўзбекистондаги биринчи хусусий банк бўлиб, эгаси Рустам Усмонов қамалиши ортидан банк фаолияти тугатилган. У 17 йил давомида «Жаслиқ» қамоқхонасида ўтириб 2017 йилда озодликка чиққан. 

«Умарбанк» эса Самарқандда фаолият кўрсатган хусусий банк эди. Уни носоғлом банк фаолияти сабабли «Ипак йўли»банкига қўшиб юборишган. «Ипак йўли» банкининг Самарқанд филиали ҳамон «Умар» деб аталади. 2019 йилда банк асосчиси Умар Ражабов 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 

«Авибанк» «Капиталбанк» билан, «Мевасабзавотбанк» «Гарантбанк» билан бирлашган бўлса, «Узприватбанк» «СҚБ» билан қўшиб юборилган. «Алп Жамол банк» қонунчиликни бузгани учун тугатилиб, активлари «Халқ банки»га ўтказилган. 

15 йил фаолият юритган «Парвинабанк»нинг лицензияси Марказий банк томонидан пул ювишда айбланиб қайтариб олинган.

Мақолани тайёрлашда Bankers.uz маълумотларидан фойдаланилди.

Теглар

Фозил Қамбаров

Фозил ҚамбаровМақолалар сони: 36

Барчаси

Мавзуга оид