
Бир йилда иш жойларида 212 нафар ходим ҳалок бўлган
Ўзбекистонда 2025 йил давомида ишлаб чиқариш билан 731 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган.

2025 йил давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш жараёнида 731 та бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, 813 нафар ходим турли даражада жабр кўрган. Ушбу ҳодисалар оқибатида 212 нафар ишчи ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жураев маълум қилди.
Маълумотларга кўра, бахтсиз ҳодисалар натижасида 535 нафар шахс оғир, 26 нафар эса енгил тан жароҳатлари олган. Энг кўп ҳодисалар қурилиш соҳасига тўғри келиб, ушбу тармоқда 198 та ҳолат қайд этилган. Шунингдек, енгил саноатда 43 та, транспортда 36 та, қишлоқ хўжалигида 35 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Қолган ҳолатлар бошқа соҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Текширувлар жараёнида ишлаб чиқаришда меҳнат ва техника хавфсизлиги талаблари бузилган 2 372 та ҳолат аниқланган. Ушбу қоидабузарликлар учун мансабдор шахсларга нисбатан қарийб 1 миллиард сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланган, 196 та ҳолат бўйича эса жиноят ишлари қўзғатилган.
Йил бошидан буён бахтсиз ҳодисалар сабаб ходимлар ва уларнинг оила аъзолари фойдасига 6,1 миллиард сўм компенсация маблағлари ундириб берилган. Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 13 минг нафар ходимнинг тўланмаган иш ҳақлари бўйича 159 миллиард сўм маблағни ундириш таъминланган.
Марат Жураевнинг таъкидлашича, меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кўпинча давлат бюджети ҳисобидан фаолият юритувчи ташкилотларда, жумладан, ҳокимиятлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида кузатилмоқда. Айни пайтда меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун сунъий интеллект асосида онлайн маслаҳат тизимини жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил бошидан буён Ўзбекистонда ёнғинлар оқибатида 67 киши ҳалок бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик.





