Logo

Биринчи президентнинг укасига алоқадор яна бир собиқ завод савдога қўйилди

Завод олдин спиртли ичимликлар ишлаб чиқарган. Завод бепул давлат тасарруфига ўтказилганди, энди эса аукцион орқали сотилиши режалаштириляпти. У жойлашган ер давлатга қайтарилган актив сифатида ўтказилган. Завод ва унга тегишли ёрдамчи бинолардан ташқари, харидорга хусусий мулк ҳуқуқи асосидаги учта ер участкаси ҳам таклиф қилиняпти.

Биринчи президентнинг укасига алоқадор яна бир собиқ завод савдога қўйилди © Tengrinews

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Панфилов қишлоғида Бўлат Назарбоевга алоқадор бўлган собиқ спиртли ичимликлар заводи сотувга қўйилди. Бўлат Назарбоев Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг укаси ҳисобланади. Завод аввалроқ бепул равишда давлат тасарруфига ўтказилган, энди эса аукцион орқали сотилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Tengrinews.kz» хабар берди.

Собиқ завод қанчага сотилмоқда?

Панфилов қишлоғида жойлашган спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи заводни «Қайтарилган активларни бошқариш компанияси» МЧЖ сотувга қўйган. Корхона ҚҚСсиз 431,6 миллион тенгега баҳоланган. ҚҚСни ҳисобга олганда, унинг бошланғич нархи камида 500 миллион тенгени (1,09 миллион доллар) ташкил этади. Бироқ заводнинг якуний сотилиш нархи аукциондаги савдолар натижасига қараб белгиланади.

Кадастр харитаси маълумотларига кўра, завод жойлашган ер давлатга қайтарилган актив сифатида ўтказилган.

1

2


Савдога қўйилган мулкнинг умумий майдони 6 109,7 квадрат метрни ташкил этади.

3

Завод ва унга тегишли ёрдамчи бинолардан ташқари, харидорга хусусий мулк ҳуқуқи асосидаги учта ер участкаси ҳам таклиф қилинмоқда. Уларнинг умумий майдони 3,0331 гектарга тенг.

Завод Олмаота вилояти Панфилов қишлоғидаги Хантау кўчаси, 17-уйда жойлашган. Савдога қўйилган мулк таркибига вино ишлаб чиқариш заводи, қозонхона, кириш-чиқиш назорат пункти, спирт сақлаш омбори, вино ертўласи ва лаборатория киради.

Бундан ташқари, маъмурий ва маиший бинолари бўлган омборхона, ертўла, кучли спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш цехи, лаборатория, яна бир назорат пункти ҳамда майдони 1 287,3 квадрат метр бўлган алоҳида омборхона ҳам сотилмоқда.

Завод аввал кимга тегишли бўлган?

Заводнинг аввалги эгаси BAKX МЧЖ бўлган. 2010-йилда корхона таъсисчиси Бўлат Назарбоевга айланган. Шу йилнинг апрел ойида завод номи «БН ликёр-ароқ заводи» МЧЖга ўзгартирилган.

Маълумот учун, «БН» бош ҳарфлари Бўлат Назарбоевга алоқадор бошқа компаниялар номида ҳам учраган.

4

Бу ҳарфлар унинг айрим бизнес активларини ажратиб турувчи белгига айланган. Кўчмас мулк реестри маълумотларига кўра, Қайтарилган активларни бошқариш компанияси заводни 2026-йил 26-августда тузилган шартнома асосида давлат тасарруфига ўтказиш жараёнида олган. Компаниянинг мулкка бўлган ҳуқуқи 3-сентябр куни расмий рўйхатдан ўтказилган. Ҳужжатларда заводга нисбатан тақиқлар, хатлов ёки бошқа шахсларнинг мулкий даъволари мавжудлиги кўрсатилмаган.

2016-йил июл ойида корхонанинг таъсисчиси Габит Тултаев бўлган. 2018-йил октябр ойида эса завод номи «Талғар ликёр-ароқ заводи» МЧЖга ўзгартирилган. Шу тариқа, компания номидан Бўлат Назарбоев билан боғлиқлигини кўрсатувчи «БН» ҳарфлари олиб ташланган.

Бироқ заводнинг Тултаевга ўтиши ягона ҳолат бўлмаган. 2016-йил июл ойида у аввал Бўлат Назарбоевга тегишли бўлган яна учта компаниянинг ҳам таъсисчисига айланган. Булар «БН Винзавод», «BN Alko» ва «БН Алкосервис» компанияларидир. 2016-йилдан кейин ушбу компанияларнинг ҳеч бири амалда фаолият юритмаган.

Шундай қилиб, бир вақтнинг ўзида Габит Тултаев аввал Бўлат Назарбоев билан боғлиқ бўлган бир нечта корхонанинг эгасига айланган.

5

«Kompra.kz» маълумотларига кўра, у ҳозир ҳам Бўлат Назарбоевга алоқадор яна иккита компания раҳбари сифатида қайд этилган. Улардан бирининг номи таркибида ҳанузгача «БН» ҳарфлари сақланиб қолган. Шу сабабли Габит Тултаев ушбу компанияларда номигагина таъсисчи бўлган бўлиши мумкинлиги истисно этилмаяпти.

6

Бошқача айтганда, компания ҳужжатларда Тултаев номига расмийлаштирилган бўлса-да, бизнесни амалда бошқариш ва ундан келадиган даромадни тасарруф этиш бошқа шахс — ҳақиқий мулкдор қўлида бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўқаев Қозоғистоннинг ташқи сиёсат консепсиясидан Назарбоевга оид маълумотларни олиб ташлаганди.

Теглар

Мавзуга оид