Logo

«Бунёдкор» учун трансфер эшиклари ёпилди: ФИФА Ривалдо иши бўйича кескин қарор чиқарди

Бугун 20:162 дақиқа

«Бунёдкор» Ривалдо олдидаги қарз юзасидан навбатдаги тўловни амалга ошира олмагани учун ФИФА клубга трансфер тақиқини қўллади.

«Бунёдкор» учун трансфер эшиклари ёпилди: ФИФА Ривалдо иши бўйича кескин қарор чиқарди © Foto: FCBunyodkor.com

Ривалдо билан ҳисоб-китоб қилинмагунича «Бунёдкор» янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди. Бу ҳақда ФИФА 23 июн куни қарор қабул қилди. Ассоциация 2 июл куни мазкур тақиқ ҳақида Лигани расман огоҳлантирди.

Аввалроқ «Бунёдкор» бразилиялик собиқ футболчиси олдида юзага келган қарздорликни расман тан олган бўлиб, кейинчалик уни беш йил давомида босқичма-босқич тўлаб бориш юзасидан Ривалдо билан келишувга эришган.

Қайд этилишича, 2024 ва 2025 йилги мавсумлар давомида клуб беш йиллик келишув доирасидаги мажбуриятларини бажарган. Бироқ 2026 йилга келиб, клуб таъсисчиси ва бош ҳомийси ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» АЖ «Бунёдкор» футбол клубини молиялаштиришни тўхтатгач, клуб жорий йилнинг май ойига қадар амалга оширилиши керак бўлган қарздорликнинг навбатдаги тўловини бажара олмаган.

Тақиқ нимани англатади?

Тўлов кечикканидан сўнг Ривалдо ФИФАга қайта шикоят киритган. Қўшимчасига, «Бунёдкор» билан тузилган беш йиллик келишув шартлари ва унда назарда тутилган чегирмалар ҳам бекор қилинган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда ёзги трансфер ойнаси 10 августга қадар давом этади. Энди «Бунёдкор» янги футболчиларни Лига рўйхатидан ўтказа олмайди. Клуб мавжуд футболчилар билан мавсумни якунлаши, шунингдек, тақиқ кучга киргунига қадар «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиси сифатида ФИФА рўйхатида мавжуд бўлган ёш футболчиларнигина кейинчалик ўз қайдномасига қўшиши мумкин бўлади.

Жорий йилнинг 23 июн санасидан кейин «Бунёдкор» футбол академиясига қабул қилинган ёш футболчилар ҳам мазкур тақиқ доирасида клуб учун рўйхатдан ўта олмайди.

Аввалроқ «Бунёдкор» клуби Ривалдога 11,16 млн евро тўлаши белгиланган эди. Кейинчалик томонлар келишувга эришиб, қарз миқдори 7,5 млн еврога туширилди. Клуб маълумотига кўра, 2026 йил учун белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга ошириш имкони бўлмаган.

Теглар

Мавзуга оид