Logo

«Бунёдкор»га 5 миллиард сўмлик давлат ёрдами ажратилди

Бугун 16:342 дақиқа

Клуб энди Суперлигадаги навбатдаги баҳсларга тайёргарликни давом эттиришини билдирди.

«Бунёдкор»га 5 миллиард сўмлик давлат ёрдами ажратилди © Foto: Zamon.uz

Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубига давлат томонидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, маблағ Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 24 мартдаги «Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–107-сон қарори асосида йўналтирилган.

Клуб баёнотида ҳукумат томонидан амалий ёрдам кўрсатила бошлангани қайд этилиб, футболни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар учун президент ва ҳукумат вакилларига миннатдорлик билдирилди.

«Бунёдкор» тайёргарликни давом эттиради

Матбуот хизматига кўра, ажратилган маблағдан сўнг жамоа Суперлиганинг навбатдаги учрашувларига режа асосида тайёргарликни давом эттиради.

Шунингдек, клуб оғир кунларда қўллаб-қувватлаган мухлислар, блогерлар, спорт нашрлари ҳамда «Пахтакор», «Сурхон», «Бухоро», «Навбаҳор», «Локомотив» ва «Olympic mobiuz» клубларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Инқироз ортидан ёрдам

Бундан аввал «Бунёдкор» оғир молиявий ҳолат сабаб Суперлиганинг 15-турида «Қизилқум»га қарши Навоийда ўтиши керак бўлган учрашувга бора олмаслигини Профессионал футбол лигасига расман маълум қилган эди.

Клуб сафар харажатлари, жумладан йўл чипталари, меҳмонхона ва овқатланиш учун маблағ йўқлигини билдирган.

Бунинг ортидан ПФЛ регламентига мувофиқ жамоага техник мағлубият ёзилди. Шунингдек, мавсум давомида бундай ҳолат яна такрорланса, «Бунёдкор»ни Суперлигадан четлаштириш масаласи Лига Ижроия қўмитаси муҳокамасига қўйилиши мумкинлиги маълум қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид

«Бунёдкор»га 5 миллиард сўмлик давлат ёрдами ажратилди | Vaqt.uz