
«ChatGPT» вояга етмаган фойдаланувчиларга баъзи чекловлар қўяди
Энди «ChatGPT» фойдаланувчи ёшини аниқлаб, вояга етмаганлар учун мос контент чекловларини кучайтиради.

«OpenAI» болалар ва ўсмирларни рақамли муҳитда ҳимоя қилишга қаратилган янги ёндашувни ишга туширди. Компания маълум қилишича, «ChatGPT» платформасига «ёшни башорат қилиш» функцияси жорий этилди.
Ушбу механизм фойдаланувчининг ёшини тахминан аниқлаш орқали, суҳбат мазмунига нисбатан қўшимча чекловлар қўллаш имконини беради. Бу қарор сунъий интеллектнинг ёшларга таъсири бўйича жамоатчиликда кучайиб бораётган хавотирлар фонида қабул қилинди.
Фойдаланувчининг ёши қандай аниқланади?
Янги функция сунъий интеллект алгоритмларига асосланган бўлиб, фойдаланувчи аккаунтларини муайян хулқ-атвор ва техник белгилар орқали баҳолайди. Бундай «сигналлар» қаторига фойдаланувчи кўрсатган ёш маълумоти, аккаунтнинг қачон очилгани, шунингдек, одатда қайси вақтларда фаол бўлиши киради. Агар тизим аккаунт эгасини 18 ёшга тўлмаган деб баҳоласа, мавжуд контент фильтрлари автоматик тарзда ишга тушади.
Сўнгги йилларда «OpenAI» «ChatGPT»нинг болалар ва ўсмирларга салбий таъсири ҳақида жиддий танқидларга дуч келмоқда. Айрим ҳолатларда ўсмирлар орасидаги ўз жонига қасд қилиш воқеалари ушбу чат-бот билан боғлангани ҳақида даъволар билдирилган. Шунингдек, платформа ёш фойдаланувчилар билан жинсий мавзулар муҳокамасига йўл қўйгани учун ҳам танқид қилинган.
Нега бу функция ишлаб чиқилди?
Компания бу муаммоларни бартараф этиш устида аввалдан ишлаб келаётганини таъкидлайди. Жумладан, 18 ёшгача бўлганлар учун жинсий алоқа, зўравонлик ва бошқа эҳтимолий хавфли мавзуларни чекловчи контент филтрлари мавжуд. Янги «ёшни башорат қилиш» функцияси эса ушбу ҳимоя чораларини янада кучайтириб, уларнинг автоматик қўлланишини таъминлайди.
«OpenAI»нинг таъкидлашича, мазкур янгилик платформадан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш ва ёш фойдаланувчилар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим қадам ҳисобланади.
Маълумот учун, аввалроқ «ChatGPT»да иш топишга кўмаклашувчи «ChatGPT Jobs» ва саломатликка оид маълумотлар учун мўлжалланган «ChatGPT Health» бўлимлари йўлга қўйилиши ҳақида хабар бергандик.





