add

«ChatGPT» иш топишга ёрдам берувчи янги функцияни ишга туширмоқда

Чат-ботдаги янги функция иш қидириш, резюме яхшилаш ва касбий режалаштиришни автоматлаштиришни мақсад қилган.

«ChatGPT» иш топишга ёрдам берувчи янги функцияни ишга туширмоқда

«OpenAI» компанияси «ChatGPT» платформасида иш топишга кўмаклашувчи янги функцияни синовдан ўтказмоқда. «ChatGPT Jobs» деб номланган мазкур ечим виртуал карера ёрдамчиси сифатида иш қидириш жараёнларини соддалаштириши, резюменинг сифатини ошириши ва кейинги касбий қадамларни режалаштиришда ёрдам бериши кутилмоқда.

Маълум бўлишича, янги функция «ChatGPT»ни кундалик вазифаларни ҳал қилишда универсал иловага айлантиришга қаратилган навбатдаги қадам ҳисобланади. У мантиқан яқинда ишга туширилган «Health» бўлимига ўхшаш бўлиб, асосий эътиборни карера ва касбий ривожланиш масалаларига қаратади.

Ушбу бўлим орқали фойдаланувчилар «ChatGPT»дан шахсий карера маслаҳатчиси сифатида фойдаланиши мумкин бўлади. Хусусан, резюме ва касбий профилни такомиллаштириш, меҳнат бозорида рақобатбардошликни ошириш ҳамда узоқ ва қисқа муддатли карера режаларини тузиш имкониятлари таклиф этилади.

Функция тавсифида учта асосий йўналиш қайд этилган. Биринчиси — резюме ва касбий профилни яхшилаш. Иккинчиси — фойдаланувчига мос иш ўринларини топиш ва бошқа номзодлар орасида ажралиб туриш усулларини аниқлаш. Учинчи йўналиш эса шахсий мақсад ва кутилмаларни инобатга олган ҳолда карера имкониятларини излаш ва таққослашдан иборат.

Айни пайтда ««ChatGPT» Jobs» ички синов босқичида турибди. Унинг оммавий фойдаланишга қачон чиқарилиши ҳақида расмий маълумот эълон қилинмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «ChatGPT» чат-ботига саломатликка оид маълумотлар учун мўлжалланган «ChatGPT Health» бўлими қўшилгани ҳақида хабар бергандик. Ушбу бўлим касаллик тарихини юритиш, таҳлил натижаларини кўриб чиқиш, шифокор қабулига тайёргарлик кўриш ҳамда машғулотларни режалаштириш ва парҳез қилиш бўйича маслаҳат олиш имконини беради.

Теглар

Мавзуга оид