
ChatGPT’га Adobe иловалари интеграция қилинди
ChatGPT энди суҳбат ойнасининг ўзидаёқ Adobe’нинг Photoshop, Acrobat ва Express иловалари орқали расм ва ҳужжатларни таҳрирлаб беради.

ChatGPT тизимига Adobe’нинг учта асосий иловаси — Photoshop, Acrobat ва Adobe Express интеграция қилиниб, фойдаланувчиларга суҳбат давомидаёқ расм ва ҳужжатлар билан ишлаш имконияти яратилди. Бу ҳақда The Verge нашри хабар берди.
Янгиликка кўра, энди ҳар бир фойдаланувчи ўзи хоҳлаган натижасини оддий ёзма тасвир орқали баён қилиб, дизайн яратиши, тасвирни таҳрир қилиши ёки PDF ҳужжатларни қайта ишлаши мумкин.
Янги функциялар ChatGPT интерфейсида юкланган файл тегида кўринади. Масалан, Adobe Photoshop плагини орқали «орқа фонни хиралаштиринг» каби топшириқ берилиши билан сервис тасвирни автоматик қайта ишлайди. Бепул тақдим этилган ушбу иловалар имкониятлари тўлиқ версияларга нисбатан чекланган бўлса-да, кундалик фойдаланиш учун етарли даражада амалий ҳисобланади.
ChatGPT’даги Photoshop асосий таркибий қисмларни таҳрирлаш, креатив эффектлар қўллаш, ёруғлик ва контрастни мослаш, экспозицияни ўзгартириш каби имкониятларни таклиф этади.
Acrobat эса мавжуд PDF ҳужжатларни таҳрирлаш, файлларни PDF форматига ўтказиш, матн ва жадвалларни ажратиб олиш, бир нечта ҳужжатларни бирлаштириш каби функцияларни бажара олади.
Adobe Express платформаси орқали эса ижтимоий тармоқлар учун постерлар, таклифномалар ва турли график дизайн ишланмаларини яратиш мумкин. Шу билан бирга, ChatGPT матнни алмаштириш, айрим элементларни анимация қилиш каби вазифаларни ҳам тўғридан тўғри бажаради.
Интеграция ҳозирча desktop, веб-версия ва iOSда тўлиқ ишламоқда. Android фойдаланувчилари учун Adobe Express мавжуд, Photoshop ва Acrobat эса яқин вақт ичида ишга туширилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сэм Алтман OpenAIда «қизил код» режимига ўтган ва компаниянинг барча ресурсларини ChatGPTни яхшилашга йўналтириб, бошқа йирик лойиҳаларни вақтинча тўхтатган эди. OpenAIдаги хавотирнинг асосий сабаби — Googleнинг тез суръатда олдинга силжиши бўлган.



