
Click ёки Payme: 9 ойда ким кўпроқ фойда олди
Ўзбекистоннинг етакчи тўлов тизимлари — Click ва Payme жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 523 млрд сўмдан ортиқ соф фойда қайд этди. Ҳар икки компанияннг даромади 2024 йилга нисбатан сезиларли даражада ўсишган.

Корпоратив ахборот ягона портали маълумотларига кўра, Click акциядорлик жамияти 2025 йил январ–сентяaбр ойларида 235,7 млрд сўм соф фойда олган. Бу кўрсаткич ўтган йил мос даврига нисбатан 56,4 млрд сўм ёки 31,4 фоизга кўпдир. Компания даромадлари 549,1 млрд сўмни (+30,4%) ташкил этган бўлса, харажатлар 284,4 млрд сўмга (+26,3%) етган.
Click шу даврда устав капиталини 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмгача оширган. Компания активлари 7,6 млрд сўмга ўсиб, 356,9 млрд сўмни ташкил этган. Давр мобайнида жами 899 млн сўм даромад солиғи тўлаган.
Шу билан бирга, Payme акциядорлик жамияти ҳам 9 ой якунлари бўйича юқори молиявий натижаларга эришди. Компания соф фойдаси 287,3 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 53,7 фоизга ошган.
Payme'нинг умумий даромадлари 534,2 млрд сўм (+56,3%) бўлиб, харажатлар 159 млрд сўмга (+68%) етган. Компания устав капиталини Click каби 10 млрд сўмдан 20 млрд сўмгача оширган.
Жами активлар 939 млрд сўмга етган, бу ҳам 2024 йилга нисбатан салмоқли ўсишдир. Январ–сентaбр ойларида Payme 4,8 млрд сўм даромад солиғи тўлаган, бу ўтган йилга нисбатан қарийб тўрт баравар кўпдир.
Молиявий натижаларига кўра, ҳар икки компания ҳам Ўзбекистон финтех бозорида етакчи мавқеини мустаҳкамламоқда. Улар рақамли тўловлар ва онлайн хизматлар соҳасида фаолликни кенгайтириб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Humo ва Uzcard тўлов тизимларининг қанча соф фойда олганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Шунингдек, Ўзбекистонда Paytex бозорини назорат қилаётган беш компания ҳақида ҳам маълумот берган эдик.





