
Ўзбекистонда Paytex бозорини назорат қилаётган беш компания
Ҳозир мамлакатда 44 та тўлов ташкилоти фаолият юритмоқда, аммо бозорнинг қарийб 90 фоизи фақат бешта компания — Paynet, Payme, Click, Alif ва Beepul қўлида.

Ўзбекистондаги рақамли тўловлар бозори сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. Ҳозир мамлакатда 44 та тўлов ташкилоти мавжуд бўлса-да, уларнинг ичида бешта етакчи — Paynet, Payme, Click, Alif ва Beepul — соҳа даромадининг асосий қисмини таъминлаб келмоқда.
Энг кечик улушли катта иштирокчи Beepul ҳозир superapp экотизимининг ажралмас қисмига айланди. 2025 йилнинг 9 ойида компания қарийб 75 млрд сўм даромад олди — бу ўтган йилга нисбатан 417 фоиз кўпдир, деб ёзмоқда Beshtor.
Paynet бу йил олтин савдоси ва бўлиб тўлаш хизматларини йўлга қўйди. Компаниянинг йиллик даромади 1,2 трлн сўмга етди, бу эса 55 фоизлик ўсишни англатади. Ҳозир Paynet — Ўзбекистон paytech соҳасидаги энг йирик компания.
Click ва Payme даромади қарийб бир хил — ҳар бири 550 млрд сўмдан озроқ. Аммо ўсиш суръатлари турлича: Payme 56 фоизга, Click эса 30 фоизга ўсди. Бунинг сабабларидан бири сифатида TBC Uzbekistan экотизимининг фаол ривожланиши қайд этилмоқда — бу тўғридан-тўғри Payme фаолиятига таъсир кўрсатмоқда.
Alif эса муддатли тўлов ва электрон тижорат соҳасида етакчилардан бири сифатида банкка айланишга тайёрланмоқда. Компания 33 фоизлик ўсиш қайд этиб, 136 млрд сўм даромад олди.
Умуман, ушбу беш компаниянинг жами тўққиз ойлик даромади 2,5 трлн сўмни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 1 трлн сўм эди. Натижада, Ўзбекистонда нағд пулсиз тўловлар одатий ҳолга айланиб, paytech экотизимлари иқтисодий айланманинг марказига чиқмоқда.





