Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати бироз исийди

23.01.2026 | 12:352 дақиқа

Яқин уч кунда республикада совуқ антисиклон таъсири сусайиб, ҳарорат аста-секин кўтарилади. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик кузатилиши мумкин.

Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати бироз исийди

Ўзгидромет 24-25 январ кунлари Ўзбекистон бўйлаб кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, жума куни кундузи ва кечаси Ўзбекистон ҳудуди совуқ антисиклон таъсири остида бўлади. Ҳаво ҳарорати асосан кундузи 0...-3 даража совуқ, кечаси 24 январда -5...-8 даража совуқ бўлади.

24 январ куни кундузи совуқ антисиклон Ўзбекистон ҳудудидан чекинади ва совуқ ҳаво массасларининг таъсири аста-секин кучсизланади. Ҳарорат кундузи 0...+3 даража илиқ атрофида бўлади.

25 январ — якшанба куни ҳаво ҳарорати нисбатан кўтарилади. Совуқ кечалари -3 даража совуқ, +2 даража илиққача кучсизлашади, кундуз кунлари +5...+8 даража илиққача исийди.

23-24 январ кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат Фарғона водийси вилоятларида бугун куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда кучсиз қор ёғади, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида эртага куннинг ярмида баъзи жойларда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади.

25 январ куни фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларидан ташқари республиканинг айрим жойларида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.

24-25 январда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги секундига 15-20 метргача кучаяди, айрим жойларда баъзида 22-25 метргача кучайиши мумкин.

 Тошкент шаҳрида жума ва шанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Якшанба куни асосан ёмғир кўринишида бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Йўлларда баъзи жойларда яхмалак кузатилади.

Ҳаво ҳарорати бугун кундузи -1...-3 даража совуқ бўлади. Шанба куни кечаси -6...-8 даража совуқ, кундузи 0...+2 даража илиқ бўлади. Якшанба куни кечаси -1 даража совуқ, +1 даража илиқ, кундузи +5...+7 даража илиқ бўлади.

Теглар

Мавзуга оид