«Damas» ва «Onix» сотувлари ўсганига қарамай ишлаб чиқариш камайган
2026 йилнинг уч ойида Ўзбекистонда 110 мингга яқин автомобил ишлаб чиқарилган. Энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль эса анъанавий тарзда ҳали ҳам «Cobalt» бўлиб қолмоқда.
© uzavto2026- йил январ–март ойларида Ўзбекистонда жами 109 947 дона автомобил ишлаб чиқарилди. Шундан 108 769 донаси енгил автомобиллар, 1 178 таси эса юк автомобиллари сонига тўғри келди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси эълон қилган маълумотларда кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, автомобил ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга ўсган. 2025 йилнинг январь-март ойларида 98 189 дона автомобил ишлаб чиқарилганди.
Алоҳида моделлар кесимида қаралганда, энг катта ўсиш «Cobalt»да кузатилди. Унинг ишлаб чиқариш ҳажми 32 208 донадан 38 397 донагача кўтарилди.
Шунингдек, «Haval» 1 885 донадан 2 978 донага, «Tracker» 10 513 донадан 10 746 донага, «BYD» эса 2 913 донадан 5 111 донагача кўпайди. Ўтган ойларда пасайиш кузатилган «KIA» ҳам 6 150 донадан 7 105 донагача ўсди.
Бироқ айрим моделларда ишлаб чиқариш ҳажми камайгани кузатилди. Жумладан, «Damas» ишлаб чиқариш ҳажми 22 409 донадан 21 503 донага тушди. «Onix» 11 774 донадан 8 950 донага, «Chery» эса 1 996 донадан 1 981 донага камайди. Ушбу автомобил моделларида сўнгги 3 ойдан буён пасайиш кузатилмоқда.
Эътиборли жиҳати шунчаки, ишлаб чиқариш камаяётган «Damas» ва «Onix» моделларида савдо мос равишда 22 ва 156 фоизга ўсиш кўрсатган.

Statistika qo‘mitasining ma’lumotlari asosida
Бозордаги ҳолат
2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда жами 91 088 та автомобиль сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга кўпдир.
Бозор етакчиси ҳисобланган «UzAuto Motors» 45 881 та автомобиль сотиб, 12 фоизлик ўсишни таъминлади. Бироқ компания рақобатчиларга нисбатан секинроқ ўсмоқда. Хусусан, «BYD Uzbekistan» сотувларни қарийб икки баробарга ошириб, 7 799 тага етказган. Шунингдек, «ADM Jizzakh» ва «Khorezm Auto» ҳам мос равишда 26 ва 24 фоизлик ўсишни қайд этди.
Брендлар кесимида «Chevrolet» ҳали ҳам бозор етакчиси бўлиб қолмоқда, аммо унинг улуши 82,6 фоиздан 79,3 фоизгача тушди. Яъни бир йил ичида 3,3 фоиз пунктга камайиш кузатилди. Шу билан бирга, «Chevrolet» сотувлари 16 фоизга ошган бўлса-да, рақобатчилар, айниқса «BYD» ва «KIA» анча тезроқ ўсган.





