add

Дания пенсия фонди АҚШ қарзларидан воз кечмоқчи

Бугун 08:182 дақиқа

Трампнинг Гренландия бўйича даъволари Европа инвесторларини АҚШ давлат облигацияларидан чиқишга ундамоқда.

Дания пенсия фонди АҚШ қарзларидан воз кечмоқчи

Даниянинг йирик пенсия жамғармаларидан бири — «AkademikerPension» шу ой охиригача АҚШ ғазначилик облигацияларидан тўлиқ чиқишини эълон қилди. «Bloomberg» нашрининг хабар қилишича, бу қарор АҚШ президенти Доналд Трамп сиёсати ортидан юзага келган кредит хавфлари билан боғлиқ. Жамғарма раҳбарияти айниқса Гренландияга нисбатан илгари сурилган даъволарни хавфли сигнал сифатида баҳоламоқда.

Фонд 2025 йил охирига келиб 25 млрд долларлик активларни бошқарган ва шундан тахминан 100 млн доллар АҚШ давлат облигацияларига тўғри келган. Энди бу пакет тўлиқ сотувга чиқарилади.

 

«Жин кўзадан чиқди»

Фонднинг бош инвестиция директори Андерс Шелде агентликка берган изоҳида АҚШнинг кредит рейтинги ва молиявий барқарорлиги узоқ муддатда шубҳа уйғотаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, облигацияларни ушлаб туришнинг ягона сабаби ликвидлик ва рискларни бошқариш бўлган, бироқ ҳозир бу вазифани бажара оладиган муқобил воситалар топилган.

Шелде Трампнинг Гренландияни назорат қилиш ҳақидаги баёнотларини қарорга тўғридан-тўғри боғлади. У «жин кўзадан чиқди» дея таърифлаб, АҚШдаги молиявий интизомнинг сусайиши ва долларга ишонч пасайиши ҳам сотувни оқлашини қайд этди.

 

Келишув қайта кўриб чиқилади

2025 йил охирида Трамп Гренландияни АҚШ назоратига олиш риторикасини кучайтириб, орол Россия ёки Хитой таъсирига ўтиши мумкинлигини айтган эди. Жавобан Дания Европа Иттифоқи давлатлари ва Буюк Британия қўллови билан ҳудуд дахлсизлигини эълон қилди ҳамда НАТО доирасида ҳарбий машқлар ўтказди. Трамп эса 1 февралдан Дания ва уни қўллаган яна етти Европа мамлакати импортига 10 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилди.

CNN маълумотларига кўра, можарони юмшатиш мақсадида НАТО бош котиби Марк Рютте 1951 йилги Гренландияни ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишувни қайта кўриб чиқиш бўйича муҳокамаларни бошлаган.

Дания фондининг мазкур қарори эса геосиёсат молия бозорларига қандай тез таъсир қилаётганининг яққол мисоли бўлди.

Теглар

Мавзуга оид