Logo

Давлатга беғараз берилиши айтилган «Hilton» Ортиқхўжаевлар оиласининг АҚШдаги капиталига айланди

Бугун 21:246 дақиқа

Тошкент собиқ ҳокимининг бизнеси Америка фонд бозорига чиққан биринчи ўзбек компанияси бўлди. Бироқ АҚШда акциялари савдо қилинадиган компаниялар ўз молиявий фаолияти, қарзлари ва мулкдорлари ҳақида батафсил маълумотларни ошкор қилиши керак. «Hilton Tashkent»га эгалик қилувчи «AKFA Dream World» бир неча йил барча турдаги солиқлардан, жумладан ҚҚС ва фойда солиғидан озод қилинган.

Давлатга беғараз берилиши айтилган «Hilton» Ортиқхўжаевлар оиласининг АҚШдаги капиталига айланди © Kollaj: Vaqt.uz

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли йирик бизнес гуруҳи Американинг қимматли қоғозлар бозорига чиқди. Бу ҳақда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига тақдим этилган мустақил жамоат аудиторлик фирмасининг расмий ҳисоботида сўз боради.

Энди унинг меҳмонхона ва туризм соҳасидаги бизнеси акциялари Америка бозорида савдо қилиниши мумкин. Бу эса компанияга хорижий сармоядорлардан маблағ жалб қилиш имконини беради. Гап Тошкентдаги «Hilton» меҳмонхонаси, Бухородаги «Wyndham» меҳмонхонаси ва CAEx кўргазмалар марказини бошқарувчи «Tourism and Entertainment Group» (TEG) ҳақида кетмоқда.

2019-йил январда Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистлар билан учрашувда «AKFA Dream World» қураётган «Hilton» меҳмонхонаси ва Конгресс-холл фойдаланишга топширилгач, давлатга беғараз берилишини айтган эди. Аммо 2026-йилда «Hilton» давлатга эмас, Ортиқхўжаевлар оиласи назоратидаги АҚШ очиқ компанияси активлари орасидан жой олди.

«Hilton Tashkent»га эгалик қилувчи «AKFA Dream World»га 2017-йилда барча турдаги солиқлардан, жумладан ҚҚС ва фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёз берилган. Меҳмонхона 2019-йилнинг охирида ишга тушиб, 2020-йилдан ҚҚС бўйича ушбу имтиёздан фойдалана бошлаган. Имтиёз 2025-йил 1-январга қадар амал қилган.

1



Кейинчалик «Hilton Tashkent», «Wyndham Bukhara» ва CAEX бизнеслари «TEG SPV LLC» холдинги остида бирлаштирилди. 2026-йил октябрда эса TEG SPV деярли тўлиқ АҚШдаги очиқ компания — «TEG Overseas, Inc.» таркибига ўтди. Унинг акциялари АҚШнинг OTC бозорида котировка қилинади.

SEC ҳужжатларига кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев «TEG Overseas» акцияларининг қарийб 68,25 фоизига бенефициар эгалик қилади. Унинг қизи Ирода Абдувахитова эса акцияларнинг 31,14 фоизига бевосита эгалик қилади ва компания директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Буларнинг барчаси шуни кўрсатадики, давлатга беғараз берилиши айтилган ва бир неча йил солиқ имтиёзидан фойдаланган «Hilton» бугун Ортиқхўжаевлар оиласи назоратидаги АҚШ очиқ компаниясининг асосий активларидан бирига айланган. Компания бу воқеани Ўзбекистон бизнеси учун катта ютуқ сифатида тақдим этмоқда.

Бироқ АҚШда акциялари савдо қилинадиган компаниялар ўз молиявий фаолияти, қарзлари ва мулкдорлари ҳақида батафсил маълумотларни ошкор қилиши керак. Бу федератив қонунлар ҳамда АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржа комиссияси (SEC) қоидалари билан белгиланган қатъий ҳуқуқий мажбуриятдир.

Айнан шу ҳужжатларда Ортиқхўжаев бизнесининг жамоатчиликка унчалик маълум бўлмаган молиявий муносабатлари ҳам очиқланган. Жумладан, компания ўз таркибига кирмайдиган, аммо ўша мулкдор назоратидаги бошқа корхонанинг 100 миллион долларлик кредитига кафил бўлган.

Шунингдек, ҳисоботларда мулкдорга йўналтирилган 17,5 миллион доллардан ортиқ маблағ ва ўзаро боғлиқ компаниялар ўртасидаги қарийб 36 миллион долларлик операциялар кўрсатилган.

SEC ҳужжатларида ёзилишича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2026-йил 5-июнда «StageWise Strategies Corp.» компаниясининг 3 миллион дона акциясини 750 минг долларга сотиб олган. Бу ўша пайтдаги акцияларнинг тахминан 74,2 фоизига тенг эди. Шундан кейин компания раҳбарияти алмаштирилиб, унга TEG билан боғлиқ шахслар жалб этилган. Яъни Ўзбекистондаги бизнес АҚШда нолдан янги компания ташкил этиб, акцияларини оммавий жойлаштириш йўлидан эмас, балки аввалдан мавжуд Америка компанияси билан акциялар алмашинуви орқали бирлашиш йўлидан борган.

Бирлашувдан кейин TEG бизнеси Америкада рўйхатдан ўтган компаниянинг асосий фаолиятига айланган.
TEG гуруҳи ўз таркибига кирмайдиган, аммо умумий мулкдор назоратидаги бошқа компаниянинг йирик кредит мажбуриятига кафил бўлган. Ана шуниси жуда эътиборли жиҳатлардан бири бўлди. 2025-йил март ойида TEG билан боғлиқ тузилма Қозоғистоннинг «Halyk Bank» банки билан тузилган 100 миллион долларлик кредит шартномаси бўйича кафолат берган. Ҳужжатда қарз олувчи компания TEG таркибига кирмаслиги, бироқ ҳар икки бизнес бир якуний бенефициар мулкдор назоратида экани қайд этилган.

11



Кафолат шартларига кўра, қарз олувчи ўз мажбуриятини бажармаса, банк қарзни кафиллардан ҳам талаб қилиши мумкин. Бунда TEGнинг эҳтимолий жавобгарлиги 100 миллион доллардан ташқари фоизлар, йиғимлар ва жарималарни ҳам қамраб олиши мумкин. Кафолат 2031-йил 31-декабргача амал қилади.

2



SEC ҳужжатида TEG ушбу кафолатни бергани учун ҳақ олмагани ва кафолат бўйича тўлов қилишга мажбур бўлса, қарз олувчидан маблағни қайтариб олиш ҳуқуқи назарда тутилмагани кўрсатилган. Бу 100 миллион долларлик қарз бевосита TEG томонидан олингани ёки ҳозир уни тўлаш мажбурияти юзага келганини англатмайди. Гап бошқа компаниянинг қарзи бўйича эҳтимолий молиявий жавобгарлик ҳақида кетмоқда. Шунга қарамай, компаниянинг ўзи бу хавфни жиддий деб баҳолаган. Чунки кафолат бўйича максимал мажбурият TEGнинг ўз капитали миқдоридан ҳам юқори.

SEC ҳужжатларида компания мулкдорига тақсимланган маблағлар ҳам кўрсатилган. 2025-йилда бундай тўловлар 10 миллион 728 минг долларни ташкил этган. 2026-йилнинг дастлабки олти ойида эса яна 6 миллион 854 минг доллар мулкдорга тақсимланган. Икки даврдаги умумий сумма 17 миллион 582 минг долларга етади.

Компания ҳисоботига кўра, бу маблағларнинг бир қисми якуний бенефициар мулкдор номидан қопланган харажатлар бўлиб, молиявий ҳисоботда мулкдорга тақсимланган маблағлар сифатида акс эттирилган. Бу тўловларнинг барчасини дивиденд ёки шахсий эҳтиёжларга сарфланган пул деб талқин қилиш тўғри бўлмайди. Бироқ ушбу харажатларнинг иқтисодий моҳияти, нималар учун сарфлангани ва мулкдор манфаатларига қай даражада боғлиқ экани алоҳида таҳлилни талаб қилади.

3



Компания 2026-йилнинг апрелида ўзаро боғлиқ тарафлар билан битимлар ва дивиденд сиёсатига оид янги ички қоидаларни тасдиқлаганини ҳам маълум қилган. TEGнинг 2025-йилда ўзаро боғлиқ компаниялар билан амалга оширган операциялари қарийб 35,96 миллион долларни ташкил этган. 2024-йилда бу кўрсаткич 22,85 миллион доллар атрофида бўлган. Бир йил ичида мазкур операциялар ҳажми сезиларли ошган. Бу ерда гап умумий мулкдор, назорат ёки бошқарув муносабатлари орқали ўзаро боғланган компаниялар ўртасидаги савдо, хизмат кўрсатиш, молиялаштириш ва бошқа битимлар ҳақида кетмоқда.

TEG раҳбарияти ушбу операциялар компаниянинг одатий хўжалик фаолияти доирасида амалга оширилганини ва битимлар шартлари мустақил компаниялар ўртасидаги келишувларда қўлланиладиган адолатли шартларга мос келишини таъкидлаган. Ўзаро боғлиқ компаниялар ўртасидаги молиявий операциялар ўз-ўзидан қонунбузарлик ҳисобланмайди. Аммо бундай битимлар катта миқёсга етганда, даромадлар айнан қайси корхоналарда шаклланаётгани ва маблағлар қайси йўналишларга сарфланаётгани муҳим масалага айланади.

TEGнинг молиявий натижалари компаниянинг ўсиб бораётганини кўрсатади. 2025-йилда гуруҳнинг умумий тушуми 42,9 миллион долларни, соф фойдаси эса 14,4 миллион долларни ташкил этган.

4



5



Компания маълумотларига кўра, тушум 2024-йилга нисбатан 22 фоизга, соф фойда эса 215 фоизга ошган. Бироқ компаниянинг 2026-йил биринчи ярим йиллик ҳисоботида бошқача манзара ҳам кўринади.

Яъни, «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида хоналарнинг бандлик даражаси 2025-йилнинг дастлабки олти ойидаги 63 фоиздан 2026-йилнинг шу даврида 58 фоизга тушган. Сотилган хоналар сони ҳам 29 минг 409 тадан 27 минг 193 тага қисқарган. Компания бу ҳолатни Тошкентда янги юқори тоифали меҳмонхоналар пайдо бўлиши, рақобатчиларнинг нарх сиёсати ҳамда айрим корпоратив лойиҳалар бекор қилиниши ёки кейинга қолдирилиши билан изоҳлаган.

Бирлашув битими якунланиши учун «StageWise» камида 18 миллион долларлик маблағ жалб қилиши белгиланган. Бироқ томонлар қонун доирасида айрим шартлардан ўзаро келишув асосида воз кечиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.

Теглар