Самарқанд ҳақидаги баёнотлар ортидан Эрон элчиси Ўзбекистон ТИВ чақиртирилди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Тошкентдаги элчиси Муҳаммад Али Искандарийни чақиртириб, унга расмий норозилик нотасини топширди. Бунга Эроннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари Самарқанддаги тарихий обидаларни сиёсий мақсадда «форс маданий мероси» сифатида талқин қилгани сабаб бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Тошкентдаги элчиси Муҳаммад Али Искандарийни чақиртириб, унга норозилик нотасини топширди. Бунга Эроннинг хориждаги элчихоналари томонидан Самарқанднинг тарихий мероси сиёсий мақсадда талқин қилингани сабаб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026-йил 23-октябр куни бўлиб ўтган учрашувда Эрон томонига дипломатик ваколатхоналарнинг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги постларини ўчириш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланишига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўриш талаби қўйилган.
Вазирликка кўра, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа тарихий шаҳарлари мероси кўп асрлик тарихий-маданий тараққиётнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Учрашувда Самарқанднинг тарихий-маданий қиёфаси ўзбек халқининг давлатчилик анъаналарини акс эттириши, шунингдек, тарихий-маданий масалаларни сиёсийлаштиришга йўл қўйиб бўлмаслиги уқтирилган.
Марко Рубионинг ташрифи ва элчихоналарнинг муносабати
Дипломатик баҳсга АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг 19-октябр куни Самарқанддаги Регистон майдонида қилган чиқиши ва унга билдирилган муносабатлар сабаб бўлган.
АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари ўз видео баёнотида шундай деган эди: «Ер юзида тарих давомида жаҳон савдоси ва тижоратида Самарқанд каби муҳим рол ўйнаган жойлар кам топилади. Бугун шу ерда бўлиш мен учун шараф — нафақат тарихни ёдга олиш, балки келажакдаги имкониятлар ҳақида фикр юритиш учун ҳам».
Шундан сўнг Эроннинг Болгария, Арманистон ва Нидерландиядаги элчихоналари Рубионинг суратларига кинояли изоҳлар қолдириб, Регистонни форс тамаддунига тегишли мерос сифатида талқин қилган. Хусусан, Эроннинг Болгариядаги элчихонаси: «Марко Рубио Эрон тамаддунини танқид қилади, аммо Самарқандда форс маданий мероси намуналари қаршисида суратга тушади. Марко, форс тамаддунини танқид қилишинг мумкин, лекин мана, ўзинг энди унинг қаршисида турибсан», — деб ёзган.
Эроннинг Нидерландиядаги ваколатхонаси эса Самарқанддаги тарихий майдонни «форс меъморий меросининг дурдонаси» деб атаган. Ўзбекистон ТИВ расмийсига кўра, Эрон элчисига Теҳроннинг хориждаги элчихоналари томонидан Регистон билан боғлиқ эълон қилинган жами 5 та пост бўйича эътироз билдирилган.
Маълумот учун, Регистон ансамбли Темурийлар ва Аштархонийлар даврида бунёд этилган. АҚШ давлат котиби Марко Рубио 7-октябр куни Афинада сўзлаган нутқида қадимги Форс давлатини юнон тамаддунининг душмани сифатида тасвирлаган эди. Эрон элчихоналарининг Самарқанддаги обидаларни форс меросига қиёслаши айнан мазкур нутққа нисбатан жавоб тариқасида ёзилган.





