Logo

Рақобат қўмитаси дори импортидаги йирик компанияларни огоҳлантирди

Bugun 19:072 daqiqa

Қўмитанинг хабар беришича, айрим импортёрлар ва улгуржи дистрибьюторлар томонидан талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда бошқа препаратларни ҳам мажбурий тарзда қўшиб сотиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар кўпаймоқда.

Рақобат қўмитаси дори импортидаги йирик компанияларни огоҳлантирди

Ўзбекистонда талаб юқори бўлган дори воситаларини сотишда бошқа препаратларни ҳам мажбурий тарзда қўшиб сотаётган йирик импортёрлар ва дистрибьюторлар текширилмоқда. Агар рақобатга зид ҳаракатлар тасдиқланса, қоидабузарлар ҳуқуқбузарлик содир этган даврдаги тушумининг 5 фоизи миқдорида жаримага тортилади. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда улгуржи дистрибьюторлар томонидан харидорларга (кичик дорихоналарга) мажбурий қўшимча шартлар юкланаётгани ҳақида шикоятлар кўпайган.

Қўмита баёнотида таъкидланишича: «Бундай ҳолатлар кичик тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши, уларнинг фаолиятини чеклаши ва бозордаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин».

Шу сабабли идора дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганмоқда.

Бозордаги консентратсия ва қонунчилик талаблари

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Ўзбекистонга 305 та корхона томонидан дори воситалари импорт қилинган бўлиб, шундан 47,2 фоизи атиги 5 та йирик импортёр ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, чакана савдода ҳам бозор консентратсияси ошмоқда.

2026-йил 1-октябр ҳолатига кўра, мамлакатда жами 14 598 та дорихона фаолият юритмоқда (улардан 449 таси улгуржи ва 14 149 таси чакана). 2023-йилга нисбатан асосий дорихоналар сони 8 фоизга қисқарган бўлса, уларнинг филиаллари сони 33,8 фоизга кўпайган.

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига биноан, муайян компания ёки шахслар гуруҳида битим шартлари ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имконияти «устун музокара кучи» деб баҳоланади. Шартнома тузишда камситувчи ёки қўшимча шартлар қўйиш ушбу кучни суиистеъмол қилиш ҳисобланади.

«Талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда бошқа буюртма берилмаган препаратлар ёки товарларни ҳам мажбурий сотиб олиш шарти қўйилгани аниқланса ва ушбу ҳаракатлар рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши деб топилса, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин», – дейилади қўмита ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси микроқарз олувчиларнинг мурожаатларини таҳлил қилиб, истеъмолчилар учун муҳим огоҳлантириш берганди.

Teglar

Mavzuga oid