
Доллар курси 2025 йилда қандай ўзгарди?
2025 йил — ўзбек сўми учун тарихий йил бўлди. Долларнинг сўмга нисбатан курси биринчи марта йилни пасайган ҳолда якунлади.

Марказий банк 2026 йилнинг биринчи иш куни учун сўмга нисбатан хорижий валюталар курсини эълон қилди.
Унга кўра, АҚШ доллари 2026 йилни миллий валютага нисбатан 12 004,41 сўм билан бошлайди. Бу сўнгги икки йил ичидаги йил боши учун энг паст курс ҳисобланади.
2025 йил давомида долларнинг расмий курси биринчи марта йил бошига нисбатан пасайди. 3 январ куни 1 доллар 12 904,91 сўм ҳисобланган бўлса, 30 декабрь куни расмий курс 12 025,33 сўм бўлди.
Йил давомида доллар курси 6,8 фоизга қадрсизланди ёки 879,58 сўмга пасайди. 2024 йилда доллар сўмга нисбатан 4,7 фоизга, 2023 йилда эса қарийб 10 фоизга мустаҳкамланган эди.

Фото: Марказий банк
2025 йилда долларнинг энг юқори курси 14 феврал куни кузатилди — 13 003,95 сўм. Ўша пайтда доллар йилни 12 000 сўм билан якунлайди дейишса, аксарият ўзбекистонликлар бунга ишомаган бўларди.
Энг паст курс эса 3 декабрь кунига тўғри келиб, расмий курси 11 880,93 сўмгача пастлади. Бу 2023 йил августдан бери энг паст кўрсаткич эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил учун давлат бюджети қонун лойиҳасида доллар курсини ўртача 13 250 сўмдан ҳисоблаган эди. Бироқ, амалда йил давомида доллар бирор марта бу курсга яқин келмади ва ўртача курс 12 576 сўмни ташкил қилди.
2026 йил учун сўмга нисбатан долларнинг ўртача курси вазирлик томонидан 12 350 сўмдан ҳисобланган. S&P агентлиги йил охирида доллар 12 600 сўмга яқин бўлишини кутмоқда. Евроосиё тараққиёт банки кутилмаларига кўра, 1 доллар 12 800 сўм бўлади.
2025 йил доллар учун яна бир муҳим ўзгаришлардан бири — Марказий банк курсни эркинроқ ушлай бошлагани бўлди.
2024 йилда доллар кунига ўртача 15,1 сўмга ўзгарган эди. 2025 йилда ҳолат сезиларли ўзгарди ва коридор 34,7 сўмгача кўтарилди.
Соддароқ қилиб тушунтирилса, аввалги йилларда доллар курси кунлик 15-20 сўмга ўзгарар эди. 2025 йилда регулятор валюта сиёсатини анча эркинроқ олиб борди. 40-50 сўмлик ўзгаришлар одатий ҳолга айланди.
Доллар 2025 йилда нега пасайди?
Экспертлар томонидан долларнинг пасайишига биринчи навбатда АҚШ президенти Доналд Трампнинг сиёсати сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бир қанча сиёсий қарорлар АҚШ долларининг глобал нуфузига путур етказди ва доллар индекси тушишига олиб келди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар сўмнинг мустаҳкамланишга туртки берди. 11 ой ичида мамлакатга 17,3 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўп.
Пул ўтказмалари сезилари ўсишига рублнинг долларга нисбатан 2025 йилда 40 фоиз атрофида мустаҳкамлангани ёрдам берди. Бу Россиядаги ўзбекистонликлар долларни аввалги йилларга нисбатан анча фойда билан айирбошлашига сабаб бўлди.
Олтин нархи ҳам кескин ошиб, бир неча бор рекордларни янгилади. Йил давомида олтин 70 фоиздан кўпроқ қимматлади. Ўзбекистон дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисоблангани учун бу иқтисодиётга фойда келтирди.
Мамлакат сўнгги икки ойда олтин экспорт қилмаган бўлсада, 2025 йилнинг 11 ойида 9,9 млрд долларлик рекорд даражада олтин сотувини амалга оширди. Қулай нархлар сабаб декабрь ойида яна олтин сотуви амалга оширилгани таҳмин қилинмоқда.
Шунингдек, экспорт импортга нисбатан тезроқ ўсди. 11 ойда импорт 18,7 фоизга кўпайган бўлса, экспорт ўсиши 26,2 фоизни ташкил қилди. Экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ 3 йилдан бери 10,7-11 млрд доллар оралиғида бўлиб турибди.
Мамлакатга кириб келаётган хорижий инвестицияларда сезиларли ўсиш кузатилди. 2025 йилга келиб бундай инвестициялар миқдори 43,1 млрд бўлиши кутилаётган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 34,9 млрд доллар эди.
Шундай қилиб, 2025 йил ўзбек сўми учун тарихий йилга айланди.
Теглар






