Электромобилларга кам фоизли автокредит қачондан берилиши маълум бўлди

17.02.2026 | 12:402 дақиқа

Президент фармони билан йил якунигача 15 мингта электромобил сотиб олиш учун аҳолига 16 фоизгача автокредитлар ажратилади.

Электромобилларга кам фоизли автокредит қачондан берилиши маълум бўлди

“'Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш' йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва 'Ўзбекистон-2030' стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони матни эълон қилинди.

Фармонда экологик мувозанатни таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни самарали ташкил этиш бўйича устувор ислоҳотлар дастури келтирилган. Унда 2026 йил сентябрдан аҳолига электромобилларни сотиб олиш учун 16 фоизгача ставкада банк автокредитларини адолатли ажратишни йўлга қўйиш белгиланган.

Электромобилларни сотиб олиш учун ажратиладиган банк кредитлари фоизларининг ошган қисмини тижорат банкларига Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартибини жорий этилади. Йил якунига қадар биринчи босқичда аҳолига 15 мингта электромобил хариди учун 16 фоизгача ставкада кредит маблағлари ажратилади.

Шунингдек, электромобилларни қувватлаш станциялари сонини кўпайтириш учун мазкур йўналишни рағбатлантириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бунинг учун электромобилларни қувватлаш станцияларида 1 kWh электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартибини жорий этилади. Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли мақсадли кредитлар ҳам ажратилади.

Қувватлаш станциялари учун сотиб олинадиган ер майдонларининг аукциондаги бошланғич нархини уларнинг бозор қийматидан 2 баравар арзон нархда белгиланади. Натижада, йил якунига қадар электромобилларни қувватлаш станциялари сони 4 мингтага етказилади. Айни пайтда бу кўрсаткич 2 мингтага яқин.

Аввалроқ Ўзбекистонда электромобиллар савдоси рекорд даражада ўсаётгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Электромобилларга кам фоизли автокредит қачондан берилиши маълум бўлди | Vaqt.uz