add

Энди Андижонда ҳам автобусларда нақд пул қабул қилинмайди

Бугун 16:351222 дақиқа

2026 йилдан бошлаб Андижон шаҳрида жамоат транспортида тўлов тизими тўлиқ рақамлаштирилиб, йўл ҳақи фақат электрон усулларда қабул қилинади.

Энди Андижонда ҳам автобусларда нақд пул қабул қилинмайди

2026 йил 1 январдан бошлаб Андижон шаҳридаги автобусларда йўл ҳақини нақд пулда тўлаш амалиёти тўхтатилади. Бу қарор жамоат транспортида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ҳамда йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида қабул қилинган.

Янги тартибга кўра, электрон тўлов турларидан фойдаланган йўловчилар автобусда йўл ҳақини 2100 сўм миқдорида тўлайди. Бу усул нақд пулга нисбатан арзон бўлиб, вақт ва маблағни тежаш имконини беради. Электрон тўловлар орқали ҳисоб-китоб қилиш автобус ҳаракатини ҳам тезлаштириши кутилмоқда.

Йўловчилар йўл ҳақини банк карталари, мобил иловалар, шунингдек ATTO транспорт ва виртуал карталари орқали амалга оширишлари мумкин. Мутасаддилар электрон тўлов воситаларидан фойдаланишни кенг жорий этиш орқали жамоат транспортида замонавий ва самарали тўлов муҳитини шакллантиришни мақсад қилган.

Нақд пулда тўлашни истаган йўловчилар учун эса алоҳида тартиб жорий этилади. Улар автобусга чиқишдан олдин, бевосита бекатлар ва уларга яқин ҳудудларда ўрнатилган Paynet, MultiPay ёки Oson инфокиосклари орқали бир марталик QR-чипта харид қилишлари лозим бўлади.

Бундай QR-чиптанинг қиймати 3000 сўм этиб белгиланган. Мазкур фарқ электрон тўловларга ўтишни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, рақамли тўлов усулларининг афзалликларини янада оширишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб автобуслар нақд пул қабул қилиш амалиёти тўхтатилганди. Жорий йилнинг 11 ойида пойтахт жамоат транспортида 19,6 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламай ҳаракатлангани аниқланган.

Теглар

Мавзуга оид